Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Cифати кафолатланмаган дори воситаларининг навбатдаги ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Пандемия даврида аҳолининг дори-дармонларга бўлган эҳтиёжи ортишидан фойдаланиб, ноқонуний даромад орттиришга уринаётган шахсларнинг қинғир режаларига ўз вақтида чек қўйилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Бектемир тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказишди. Тадбир давомида, фуқаролар Х.Н., Ғ.Х.лар 9 дона картон қутиларда умумий қиймати 60 миллион сўмлик 2000 дона “STOPER 2GM” номли дори воситаларини шартли харидорга сотаётган вақтида ходимлар томонидан тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда фуқаро Ф.Қ. умумий қиймати 76 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган 2000 дона “Фленокс 0.4 мл” номли дори воситаларини шартли харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Навбатдаги тезкор тадбир Чилонзор тумани ҳудудида ўтказилди. Тадбир давомида, фуқаролар И.М. ва С.И. хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 105 миллион сўмлик 6000 дона “Gracide-S 1,5г” номли дори воситаларини шартли харидорга 10 100 АҚШ доллари эвазига сотаёган вақтида тезкор ходимлар томонидан тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда фуқаро Н.Д. хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 166,5 миллион сўмлик жами 4500 дона дори воситаларини шартли харидорга 10 000 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ходимлар томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech