Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

COVID-19'нинг енгил ва аломатсиз шакллари ва гумон қилинганларни уйда даволаш учун 161 мингдан зиёд дори воситалари жамланмаси — “COVID-box” бепул етказиб берилди

Жорий йилнинг 25 август куни, Cоғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов тиббиёт тизими ходимлари билан коронавирус пандемияси давридаги вазият, инфекцияни олдини олиш борасида бирламчи тиббий-санитария муассасаларида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Унда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик марказлари масъуллари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, кўп тармокли марказий поликлиника мудирлари, оилавий поликлиника ва қишлок врачлик пунктлари мудирлари қатнашди.

Вилоятларда бугунги кунда коронавирус инфекцияси ва пневмония билан даволанаётган умумий беморлар сони, касаллик кечиши динамикаси, мобиль поликлиникалар ва бригадалар сони, автотранспорт, алоқа воситалари билан таъминланганлиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, мавсумий касалликларни олдини олиш борасида олиб борилаётган вакцинация ишлари ҳолати каби қатор масалалар таҳлил қилинди.

Шу кунга қадар коронавирусга чалинган беморларга амбулатор ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш бўйича вазирликнинг 20 дан зиёд буйруқлари, кўрсатма хатлари ва амбулатор шароитда даволаш бўйича протокол қабул қилинди.

Тиббий олий ўқув юртлари томонидан тиббиёт ходимлари учун онлайн тарзда 18 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилди. Мобил бригада ва “COVID-19” поликлиника” ходимлари ойлик маошига кунлик 6 фоизлик устамалар белгиланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари кечаю кундуз фаолият юритиш тизимига ўтказилиб, поликлиникаларда call-марказлар ташкил қилинди, қўшимча равишда мобил ва стационар телефонлар билан таъминланиб, 7,3 миллионга яқин хонадон “онлайн патронаж” билан қамраб олинди.

Шунингдек, поликлиникаларда мобил бригадалар ташкил қилиниб, касалликнинг енгил ва аломатсиз шакллари ва гумон қилинганларни уйда даволаш учун 161 мингдан зиёд дори воситалари жамланмаси — “COVID-box” бепул етказиб берилди.

Видеоселекторда айни пайтда соҳадаги мавжуд муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов айрим вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг бошлиқларини кунлик ишлар билан овора бўлиб, эскича ишлаш тизимидан қутулмаётганини айтиб, юқоридан топшириқ тушишини кутиб, “менда касал кам”, “менда касалланганлар ҳолати стабил”, деб бамайлихотир бўлмасликка чақирди.

Ҳудудлардан тақдим этилаётган ҳисоботлардаги номутаносибликлар, аҳоли мурожаатларини, хусусан, баъзи ҳолатларда “онлайн патронаж” хизматларига келиб тушган чақирувларни кўпайтириб қайд этиш ҳоллари учраб тургани юзасидан мутасаддиларга огоҳлантиришлар берилди. Шифохоналарда беморнинг амбулатор картаси каби керакли ҳужжатларни юритиш оқсаётгани ҳолда кераксиз ҳужжатбозликлар кўпайиб кетгани, бир маълумот бир неча ҳужжатда қайд этилаётгани кескин танқид қилинди.

Шунингдек, амбулатор-поликлиника хизматларини самарали ташкил этиш ҳақида сўзлар экан:

— Амбулатор-поликлиника хизмати бўйича бош мутахассис, кўп тармоқли поликлиникалар мудирлари, бош ҳашира ҳамда тиббиёт институтлари профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳлар тузиб, шароити энг оғир қишлоқ врачлик пунктларини бориб кўриш, фаолиятини ўрганиш, муаммолар ечимини ўша жойнинг ўзида маҳаллий хокимликлар кўмагида ҳал қилишимиз лозим, шундагина фаолиятимиз самараси халқимиз баҳосида намоён бўлади, — дея таъкидлади вазир Алишер Шадманов.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech