Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Давлат марказининг фармакология қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Шаисломов 69 ёшида вафот этди

Ўзбекистон фармацевтикаси оғир жудоликка учради. Йирик олим ва педагог, соғлиқни сақлаш соҳасининг таниқли арбоби Б.Шоисломов вафот этди.

Бахтиёр Шоисломов 1953 йил 1 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат Тиббиёт институтининг стоматология факультетини тугатгач, меҳнат фаолиятини 1974 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтида бошлаган. У 2020 йилга қадар Тошкент тиббиёт академиясининг Фармакология кафедрасида турли лавозимларда ишлаб келган. 2006 йилда фармакология кафедраси профессори илмий унвонига сазовор бўлган.

Илмий ва педагогик фаолияти билан бир пайтда Б.Шоисломов республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида ташкилотчи сифатида фаол иш олиб борди. Хусусан, 1996 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг бўйруғи билан Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғининг муовини, 1998 йилдан эса Фармакология қўмитаси раиси лавозимларида самарали ишлаган. Ушбу даврда Б.Шоисломов хорижий ва махаллий дори воситаларини фармакологик жихатдан экспертизадан ўтказиш ишларини такомиллаштириш, клиник олди ва клиник тадқиқотларни жаҳон талаблари даражасида ўтказилишига эришиш борасида фаол меҳнат қилган.

Б. Шоисломовнинг шахсий ташаббуси билан фармакология қўмитасида дори воситаларининг ножўя таъсирини ўрганишга қаратилган янги йўналиш, фармакологик назорат тизими жорий этилган. Ушбу фаолият янги тахрирдаги Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига фармакологик назорат тамойиллари илк бор алоҳида модда билан киритилишига асос бўлган. Қонуннинг ушбу банди доирасида дори воситаларининг ножўя таъсирини аниқлаш ва уларнинг безазарлигига эришиш борасида Б. Шоисломов рахбарлигида амалга оширилган ишлар Умумжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан юқори баҳоланган ва натижада Ўзбекистон Республикаси 2006 йилда “Дори воситалари хавсизлиги мониторинги халқаро Маркази”га хақиқий аъзо сифатида қабул қилинган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, врач ва фармацевт ходимлари, дори воситаларни ишлаб чиқаруви хорижий ва махаллий компаниялар томонидан аҳолини самарали ва безарар дори воситалари билан таъминлашга қаратилган кенг қўламли чора-тадбирлар ўтказиш имконини берган.

Бу борадаги фаолиятни янаям ривожлантириш мақсадида Б. Шоисломов томонидан фармацевтика соҳасининг етакчи олимлари билан хамкорликда врач, клиник фармаколог, клиник фармацевт, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари ва илмий ходимларига мўлжалланган махсус қўлланма чоп этилган ва бу қўлланма ҳозирга қадар соха мутахассислари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Б. Шоисломов раҳбарлиги даврида Фармакология қўмитаси томонидан аҳолини дори воситаларининг қўлланилишига оид сифатли йўриқномалар билан таъминлашга доир катта ишлар амалга оширилган. Хусусан,  шахсан Б. Шоисломовнинг ташаббуси билан Россиядаги “АстраФармСервис”  ташкилоти билан хамкорликда республикамизда 2006, 2008, 2010 йиллар мобайнида “Ўзбекистон Республикасида рухсат этилган ВИДАЛЬ дори воситалари тўплами” чоп этилган ва фармацевтлар, врачлар, тиббиёт ва фармацевтика олий ўқув юртлари талабаларига бепул тарқатилган.

Тиббиёт фанлари доктори Б.Шоисломов бир қатор халқаро илмий-амалий конференцияларда мамлакатимизда дори воситаларни рўйхатдан ўтказиш, ҳамда фармакология қўмитаси фаолиятининг долзарб масалалари бўйича тақдимотлар билан иштирок этган.

Маҳаллий ва хорижий дори воситаларни экспертизасини ўтказиш билан бир қаторда Б.Шоисломов томонидан республикамиз учун долзарб бўлган масала — биологик фаол қўшимчаларда дори воситаларга хос хусусиятлар бўлмаслиги ва улардаги фаол моддалар дозалари дори воситаси сифатида рўйхатга олинмаганлигига оид хулоса бериш ишлари амалга оширилган.

Профессор Б. Б.Шоисломов 200 га яқин  илмий мақола, 2 монография муаллифи. Унинг раҳбарлиги остида 1 та номзодлик диссертацияси ёқланган. 

Б.Шоисломов ўз фаолияти давомида республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантириш, уни давр талабларига мос равишда такомиллаштириш, пировардида, миллий фармацевтика бозорини сифатли ва безарар дори воситалари билан таъминлаш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил жонкуярлик кўрсатди. У Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш, хусусан, миллий фармацевтика соҳаси учун кўплаб юқори салоҳиятли кадрлар тайёрлаш борасида салмоқли ҳисса қўшди.

Жонкуяр олим ва ғамхўр педагог, юксак масъулиятли раҳбар сифатида профессор Б. Шоисломовнинг ёрқин хотираси қалбимизда абадий қолади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш 
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech