Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Deef Pharmaceuticals” компанияси Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорини истиқболли ҳамкорлик майдони сифатида кўрмоқда

Шу йилнинг 4 май куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Саудия Арабистони Қироллигининг “Deef Pharmaceuticals” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Агентлик директори Сардор Кариев ҳамда Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси етакчи мутахассислари саудиялик меҳмонларни кутиб олар экан, уларнинг Ўзбекистон фармацевтика бозорига эътибори учун миннатдорчилик билдирлар ва бу соҳада ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш мақсадида музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдирлар.

Шу ўринда, Агентлик мутахассислари  Асқар Очилов, Иброҳим Хонхўжаев ва Жамшид Эшмурадов “Deef Pharmaceuticals” компанияси вакиллари учун Ўзбекистониннг фармацевтика саноати салоҳияти, хорижий компаниялар, инвесторлар ва ҳамкорлар учун юртимизда яратилган имкониятлар, шунингдек дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бўйича алоҳида тақдимот ўтказдилар.

Саудия Арабистони компанияси вакиллари фаолиятни айнан қандай йўналишларда олиб бориш истагида эканликларини айтиб ўтдилар. Хусусан, компания ўз маҳсулотларини бутун Осиёга экспорт қилиш мақсадида Ўзбекистонда марказлашган омбор барпо этиш, товар айланиши билан тўлиқ танишиб чиқилгандан сўнг маҳсулотларини “in-bulk” шаклида Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилаётганларини маълум қилдилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев учрашув натижалари борасида мулоҳаза қилар экан, “Deef Pharmaceuticals” Саудия Арабистонининг фармацевтика саноати майдонида алоҳида ўринга эга эканлиги ва ўз фаолиятида маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигига катта эътибор қаратиши ҳамкорлик учун жуда муҳим кўрсаткичлар эканлигини таъкидлаб ўтди. “Шундай экан, биз компания вакиллари билан ўзаро манфаат келтирувчи ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш томон қадам ташладик”, - деди Сардор Кариев.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech