Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” лаборатория мудири Нозима Нуриддинова 64 ёшида вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” Давлат унитар корхонаси “Вакцина, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил” лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нуриддинова Нозима Рамизовна 64 ёшида вафот этди.

Н.Р.Нуриддинова 1957 йил 18 июль куни Тошкент шаҳрида туғилиб, 1980 йилда Ўрта Осиё Медицина педиатрия институтини тамомлаганлар.

Меҳнат фаолиятларини 1980 йилда Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтида кичик илмий ходим лавозимида ишлашдан бошлаб, кейинчалик 1982-1991 йилларда Тошкент Вакцина ва зардоблар илмий-текшириш институтида кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим сифатида фаолият кўрсатганлар. Ўша вақтларда  Марказий Бошқарувга (тўғридан-тўғри Москвага) бўйсунган ушбу илмий даргоҳда ишловчи илмий ҳодимларга алоҳида ўта юқори талаблар жорий этилган бўлиб, улар тарафидан яратилган илмий ишланмалар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун собиқ СССР республикалари ва чет элларда амалиётга жорий этилган.

Проф. Н.Р.Нуриддинова томонларидан ўша вақтларда яратилган қатор вакцина ва зардоб препаратларининг самарадорлиги ва безарарлиги юқори бахоланган бўлиб, улар бугунги кунгача ҳам инсонлар соғлиғини сақлаш йўлида ҳизмат қилиб келмоқда.

1991-2005 йилларда - «Вакциналар» Илмий Ишлаб Чиқариш Бошқармаси АКДС вакцинаси бўлим бошлиғи, катта илмий ходими, лаборатория мудири лавозимларида ишлаганлар.

Республикамиз Мустақиллигининг илк даврига тўғри келган, аввалдан мавжуд бўлган илмий-амалий ва иқтисодий аълоқалар узилган бу йиллар давомида корхонани фаолиятини сақлаб қолиш ва уни давом эттириш вазифаси амалда Н.Р.Нуриддинованинг зиммасига тушган эди.

Вакцина ва зардоб препаратлар соҳасида Республикамиздаги йирик мутахассислардан бўлган олима бу вазифани ҳам шараф билан адо эта билди.

Проф. Н.Р.Нуриддинова 2005 йилдан ҳаётларини охиригача “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” Давлат унитар корхонаси “Вакцина, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил” лабораторияси мудири лавозимида фаолият кўрсатиб келдилар. Ушбу давр мобайнида лабораториянинг тизими ва унинг иш фаолияти халқаро стандартлар талаблари даражасида тубдан ўзгартирилиб, қайтадан ташкиллаштирилди.

Бугунги кунда “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” Давлат унитар корхонаси лабораторияларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилишида, Давлат Марказини халқаро ISO стандартлари талаблари бўйича 2010 йилдан бошлаб халқаро аккредитациядан мувафаққиятли ўтиб келаётганлигида проф. Н.Р.Нуриддинованинг алоҳида хизматлари бордир.

Олима бошчиликларида лабораторияда юздан ортиқ стандарт операцион процедуралар (SOP) ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилди. Улар раҳбарликларида чуқур илмий-амалий қўлланмалар, давлат стандартлари ва раҳбарий ҳужжатлар яратилиб амалиётга жорий этилди. Бу ишланмалар бугунги кунда республикамиз аҳолисини самарали ва безарар дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Проф. Н.Р.Нуриддинова халқаро миқёсда ташкил этилган бир қанча ишчи ва эксперт гуруҳлари аъзоси эдилар. Улар томонларидан қатор халқаро анжуманларда Ўзбекистоннинг дори воситалари муомаласи соҳасидаги ютуқлари тўғрисида тақдимотлар қилинган.

Проф. Н.Р.Нуриддинова бир қанча халқаро миқёсда ташкил этилган малака ошириш ўқув курсларини ўтаб, давлатлараро амал қилувчи сертификатларга эга эдилар.

Устоз Н.Р.Нуриддинова шогирдарига ва ҳамкасбларига ўта меҳрибон, эътиборли ва маслаҳатдош бўлганликлари билан биргаликда, алоҳида талабчан қатъийятликни намоён қилиб келдилар.

Н.Р.Нуриддинова 2019 йилдан бошлаб Биологик препаратлар ва микробиологик тадқиқотлар бўйича ихтисослашган эксперт комиссиясининг раиси, Таҳририят кенгаши аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеяси 1-нашри, 1-жилдини ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқишга ситқидилдан ёндашдилар.

Ўзларининг кўп йиллик илмий-амалий тажрибаларини қўллаган ҳолда бир қанча умумий ва хусусий фармакопея мақолалари лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиб, бу фаолиятни бошқара билдилар.

Проф. Н.Р.Нуриддинова томонларидан вакцина ва зардоб препаратлар муомаласининг такомиллаштириш, уларни ишлаб чиқариш ва сифат назоратини амалга ошириш борасида қилган ҳизматлари раҳбарият томонидан муносиб равишда тақдирланган бўлиб, улар Ўзбекисон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси, Ўзбекисон Республикаси Мустақиллигининг йигирма, йигирма беш, ўттиз йиллиги кўкрак нишонлари ва кўплаб ёрлиқлар билан тақдирланганлар.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Н.Р.Нуриддинованинг илмга чанқоқлик билан ортирган юқори тажрибалари, атрофдагиларга ва шу жумладан шогирдларига бўлган эътибор, меҳр-муҳаббат, мехнатсеварлик, ишбилармонлик каби ҳусусиятларга йўғрилган ёрқин хотиралари мамлакатимиз ва чет эл фармацевтика ва тиббиёт ходимлари хотирасида абадий қолади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги соҳанинг етук мутахассиси, жонкуяр ҳамкасбимиз, ўз соҳасида чуқур билимга эга ўзига берилган вазифаларни пухта бажариши билан ёшларга ўрнак бўлган Нуриддинова Нозима Рамизовнанинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш 
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech