Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дори воситалари ва тиббий буюмларни маркировкалаш тизими бўйича видеоконференция ўтказилди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “Берлин Хеми АГ” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан дори воситалари ва тиббий буюмлар маркировкаси бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш борасида видеоконференция ўтказилди.

Давлат солиқ қўмитаси, "Аsl belgisi" товарларни рақамли маркировкалаш ва кузатилиши бўйича миллий ахборот тизими оператори “CRPT TURON” МЧЖ, фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Хорижий компаниялар вакилликлари уюшмаси ҳамда  70 дан зиёд йирик хорижий компаниялар вакиллари иштирок этган видеоконференцияда Агентлик номидан Агзам Нартаев қатнашди.

Онлайн учрашувда “CRPT TURON” МЧЖ билан тажриба лойиҳа даврида маркировка борасида шартнома имзолаш, маркировка кодлари учун тўлов қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6269-сонли фармонидан келиб чиққан ҳолда хорижлик юридик шахслар томонидан электрон рақамли имзо олиниши, маркировкани жорий қилиш муддати ва босқичлари, дори воситалари ҳамда тиббий буюмларнинг макетларга ўзгартириш киритилгандан кейинги импорти ва савдоси масалалари муҳокама қилинди.

Агзам Нартаев йиғилганларни қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, тажриба лойиҳа қатнашчиларининг дори воситалари ва тиббий буюмлари макетларидаги ўзгаришлар 20 календарь куни ичида бепул қайта рўйхатдан ўтказилиши ҳақида Фармацевтика тармоғининг ривожлантириш агентлиги директорининг 9.06.2021 йилдаги №70-сонли буйруғи мавжудлигини таъкидлади.

Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар макетларига ўзгартиришлар киритишдан олдин ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилиш жараёнидаги сертификация қилиш бўйича “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКнинг Фармакопея қўмитаси, Янги тиббий техника қўмитаси, Рўйхатдан ўтказиш бўлими ва Тиббий маҳсулотларни сертификатлаш органи экспертлари билан учрашув ва музокаралар олиб бориш ҳақида келишилди.

“Берлин Хеми АГ” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Отабек Маджидов ҳозирги кунда мавжуд норматив ҳужжатларга асосан, хорижий компанияларнинг ваколатхоналарига маркетинг фаолиятидан ташқари тижорат фаолияти олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида сўзлаб ўтди.

“CRPT TURON” МЧЖ вакили Анатолий Бачикалов сўзга чиқиб, 2021 йил 20 майдаги ВМҚ-322 сонли қарорга асосан рақамли маркировка кодлари учун тўловлар миллий валютада яъни сўмда қабул қилинишини, аммо эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, тўловларни хориж валютасида қабул қилиш борасида Вазирлар Махкамасига таклиф берилишини маълум қилди.

Давлат божхона қўмитаси омборхоналарида рақамли маркировка кодларини стикер орқали маҳсулотларга ёрлиқлаш учун техник шарт-шароитлар етарли бўлмагани боис, бу усул мақсадга мувофиқ эмас деб топилгани айтиб ўтилди.

Ҳозирги пайтда, рақамли маркировкалаш амалиёти қўлланилаётган давлатлар учун Роуминг кодлар ишлаб чиқиш масаласи йўлга қўйилгани маълум қилинди. Ишлаб чиқарувчи Россия бозори учун рақамли маркировка кодлари билан ишлаб чиқарган дори маҳсулотларини Ўзбекистонда сотмоқчи бўлса, Россиядаги кузатиш ахборот тизими орқали айланмадан чиқариб, Ўзбекистондаги «Asl belgisi» миллий ахборот тизимига киритиши зарур бўлиши таъқидланди

Дори воситаларининг қадоқларидаги ёзувлар эмас, йўриқномаси давлат тилида бўлиши кераклиги, маркировка кодларини олиш имкони бўлган юридик шахс дори воситалари муомалага киритилганидан сўнг айланмасини кузатиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Компаниялар шахсий кабинетга кириш учун “CRPT TURON” МЧЖ билан тажриба лойиҳада иштирок этиш тўғрисида шартнома тузишлари керак бўлади.

Кодларни олиш йўл-йўриқлари кўрсатилган видеолавҳа тез кунларда тайёрланиб, https://crpt-turon.uz// сайтига жойланади.

Мавзу юзасидан пайдо бўладиган саволлар учун қуйидаги ҳавола орқали махсус сўровнома яратилган бўлиб, бу сўровномага киритилган саволлар тегишли орган томонидан жавобсиз қолмайди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech