Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дори воситаларини ишлаб чиқарувчи ва Дори воситаларини улгуржи реализацияси билан шуғулланувчи ташкилотлар диққатига

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026-йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022-йил 21-январдаги ПФ-55-сон Фармонининг
4-бандида 2022-йил 1-апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Бунда мавжуд фармацевтика тармоғи ташкилотлари 2024-йил 1-январга қадар зарур амалиётлар (GxP) талабларига мувофиқлик сертификатларини олишлари лозим.
Шу асосга кўра, мазкур талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 21-февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низомга (кейинги ўринда Низом деб аталади) киритилган ва бугунги кунда Низомнинг 28-иловаси 9-бандига мувофиқ, Зарур ишлаб чиқариш амалиёти, Зарур дистрибюторлик амалиёти, Зарур сақлаш амалиёти давлат стандарти талабларига мувофиқ бўлиш ва риоя этиш лицензия талаб ва шартларидан бири ҳисобланади.
Низомнинг 40-бандида лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда, лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда лицензияловчи орган ташаббуси билан лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар лицензияловчи органлар ёки суд белгилаган муддатда бартараф этилмаганда, Низомнинг 41-бандига мувофиқ лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
Юқорида қайд этилган асослардан келиб чиқиб, Дори воситаларини ишлаб чиқарувчи ва дори воситаларини улгуржи реализация қилувчи барча ташкилотлардан Зарур ишлаб чиқариш амалиёти, Зарур дистрибюторлик амалиёти, Зарур сақлаш амалиёти давлат стандартлари талабларига мажбурий риоя этишлари бўйича лицензия талабини бажаришлари ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ.
Мазкур талабларни қонунчилик ҳужжати билан белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда лицензиатларга нисбатан юқорида қайд этилган таъсир чоралари кўрилиши ҳақида лицензияловчи орган сизларни ОГОҲЛАНТИРАДИ.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech