Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-411-сон қарорига мувофиқ, соҳада бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Жумладан, ушбу қарорнинг 5-бандига кўра, дори воситаларининг чакана савдосида жамоатчилик назоратини жорий этиш мақсадида 2023 йил 1 майдан бошлаб, жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали, солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилиши белгиланди.

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Жорий йилнинг 2 декабрь санасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида ишчи гуруҳ аъзоларининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қарорда назарда тутилган тизимни жорий этишда масъул вазирлик ва идоралараро ўзаро маълумот алмашиш, тизимлар интеграцияси ва бошқа масалалар юзасидан таклифлар билдирилди ва ўзаро ҳамкорлик бўйича келишиб олинди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech