Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Доривор ўсимликлар туркумидан: Баргизубнинг хосиятлари ҳақида

Қадимдан доривор ўсимлик сифатида ишлатилувчи баргизубнинг яна бир номи - зубтурум. Абу Али ибн Сино баргизубни қон оқишини тўхтатишда ва яраларни тузатишда тавсия этган. Улуғ ҳаким бу ўсимлик ҳақида шундай дейди:

“Оловдан куйган жойларга, учуққа, эшакемга, қулоқ ости шишларига фойда қилади. Баргларининг ширасини қулоққа томизилса, оғриқни босади, илдизи чайналса ёки қайнатмаси билан оғиз чайқалса, тиш оғриғини тўхтатади”.

Тиббиётда асосан иккита – Бурга баргизуб ва Катта баргизуб турлари ишлатилади. Таркибида витамин С ва К, шиллиқ, аччиқ ва ошловчи моддалар, лимон кислота мавжуд.

Баргизуб препаратлари балғам кўчириш, оғриқ қолдириш, бактерицид ва яллиғланишларни тузатиш хусусиятига эга.

Баргизуб баргларидан тайёрланган дамлама ва қайнатма бронхит, бронхиал астма, кўкйўтал ва силни даволашда қўлланилади. Сархил баргларининг суви ошқозон кислоталиги пастлиги билан кечувчи сурункали гастритда, шунингдек, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ярасида фойда қилади. Бундай сув ошқозон шираси ажралишини яхшилайди, қонда гемоглобинни кўпайтириб, холестеринни камайтиради.

Бундан ташқари, баргизуб препаратлари холецистит, буйрак яллиғланиши, сариқ касаллиги, дерматитни даволашда, бачадон, бавосил, ошқозондан қон оқишини тўхтатишда ишлатилади. Барги яраларга қўйилса, тузалишига ёрдам беради.

Унутманг, баргизуб препаратлари ошқозон кислоталиги ортиқлиги билан кечувчи ошқозон ярасида тавсия этилмайди.

Манба: biosfera.uz

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech