Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дорихона ходими беморга дори воситасини тавсия қилиши қанчалик тўғри?

Мазкур савол юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси Муҳаббат Ибрагимова фикрлари билан қизиқдик.

— Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқлаган низомга асосан амалга оширилади, — дейди Фармацевтика фанлари номзоди, доцент Муҳаббат Ибрагимова.

— Тартибга мувофиқ, дори воситаси ва тиббий буюмни бериш пайтида дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими дори воситаси ва тиббий буюмни сотиб олувчига дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ва бошқалар ҳақида маълумот бериши лозим.

Шунингдек, дорихона ходими харидор (истеъмолчининг) эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмнинг қўллаш йўриқномаси билан диққат билан танишиб чиқишга қаратиши керак.

Таъкидлаш жоиз, дорихона ходими истеъмолчининг (ёки беморнинг) ҳолатига қараб дори тавсия қилиши шунингдек, даволовчи шифокорнинг кўрсатмасига биноан рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептисиз бериши албатта нотўғри деб биламан. Чунки беморнинг касаллик тарихи, унинг танасида юз бераётган физиологик ҳолат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан туриб, ўзбошимчалик билан дори тавсия қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қонунчиликка мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган ном бўйича рецепт ёзилиши белгиланган бўлиб, бунда беморга тайинланган дори воситалари (ҳалқаро патентланмаган номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд қилинади ва даволовчи шифокор томонидан имзоланади.

Афсуски шунга қарамасдан, айрим дорихоналарда рецепт билан берилиши лозим бўлган дори воситаларини рецептсиз бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўзбошимчалик билан даволаниш ҳамда дори воситаларини тартибсиз истеъмоли натижасида турли ножўя таъсирларни келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда, юртдошларимиздан дори воситаларини шифокор кўрсатмасига биноан харид қилишлари ва уларни истеъмол қилишда албатта қўллаш йўриқномасига амал қилишларини сўраб қоламан.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech