Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дорихона ходими мувофиқлик сертификатини кўрсатмасаликка ҳаққи борми?

Дорихона ходими мен харид қилаётган дори воситасининг сертификатини тақдим қилмади. "Мен сотувчиман, сертификатни дорихона раҳбаридан сўрайсиз"- деди. Aйтингчи сотувчи бундай қилишга ҳақлими?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сертификатланиши шарт бўлган товар ҳақида истеъмолчига унинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори билан тасдиқланган "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомга асосан:

Сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сертификатлаштириш органи томонидан расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатини кўрсатиши лозим.

Бунда мувофиқлик сертификатидаги дори воситасининг савдо номи, серияси, дозаси, чиқарилган шакли, ишлаб чиқарилган санаси, ишлаб чиқарган мамлакат ҳақидаги маълумотлар дори воситасининг айни шу ўрамидаги маълумотларга мос келиши керак!

Эслатиб ўтамиз, дори воситаларини мувофиқлик сертификатисиз реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 284-сон 12.05.2017) га асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш - фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Манба

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech