Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дорихонада бериладиган товар ва касса чеки нима учун керак? Бу чекларни бериш мажбурийми?

Савол: Дорихонада бериладиган товар ва касса чеки нима учун керак?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомда, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан бирга сотиб олувчига:

➖ идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори),
➖ дори воситалари ёки тиббиёт буюмларининг номи, уларни берувчи шахсга оид маълумотлар,
➖ бериш санаси ва нархи кўрсатилган товар чеки берилиши ҳақида айтилган.

Хўш, бу масалада амалдаги қонунчиликда нима дейилган? Касса ва товар чеки бериш мажбурийми?

Мамлакатимизда 2020 йилнинг январ ойидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларга ўтиш жараёни бошланди.

Дорихоналарда ҳар бир харид QR кодли чек бериш билан бирга амалга оширилиши лозим. Бундай чеклар қонуний фаолиятдан гувоҳлик беради. Улар фақат онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан берилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5813-сонли Фармонида қуйидагилар белгиланган:

➖ тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга терминал чеки билан бирга онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт;
➖ харид чекида товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи ставкаси, шунингдек QR код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ:

☑️ назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдо қилиш ва хизмат кўрсатиш, чек бермаслик, тўловни ҳисоб-китоб терминали орқали қабул қилишни рад этиш беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳурматли истеъмолчилар, агар дорихоналарда товар чеки биришни рад этиш ҳолатига дуч келсангиз, шунингдек Сизга QR кодли чек берилмаса ва пластик карта орқали харид қилганингизда нарх оширилса, Давлат солиқ қўмитасининг (71)244-98-98 рақамли ишонч телефонига ёки Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Товар чекларининг аҳамиятли томони шундаки, агар истеъмолчида дори воситасининг нархи оширилганлиги хусусида шубҳа юзага келса, уни аниқлаш товар чеклари орқали амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текшириш учун харид қилиш ёки назорат натижалари бўйича олинган дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархини белгилаш бўйича тартибни бузиш фактини тасдиқловчи товар ва касса чеклари дорихонанинг лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тугатиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ҳурматли истеъмолчилар, чекларни талаб қилинг, сизни нотўғри тушинишидан қўрқманг. Сиз олган чек нафақат сизнинг ҳуқуқларингиз кафолати, балки инсофли сотувчининг баҳоси ҳамдир.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матубот хизмати бош мутахассиси Лочинбек Худоёров

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech