Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дорихонадан чиққан истеъдодлар. Фаолиятини фармацевтикада бошлаган буюклар ҳақида эшитганмисиз?

Карл Шпицвег (1808 йил 5 февраль – 1885 йил 23 сентябрь)

Немис рассоми, сураткаш, иллюстратор, бидермайер услубининг ёрқин вакилларидан бири Мюнхенда ишбилармон оиласида таваллуд топган. Университетнинг фармацевтика йўналишида таълим олган Карл Шпицвег фаолиятини дастлаб дорихоначининг ёрдамчиси сифатида бошлаган, сўнгра дорихоначи бўлиб ишлаган, ва бир вақтнинг ўзида рассомчиликни ўрганган.

Шпицвег ушбу касбни Мюнхенда кўргазмаси бўлиб ўтган ХVII асрда голландиялик усталар томонидан яратилган асарлар ёрдамида эгаллаган. Ва XIX асрнинг 30-40 йилларида у сатирик журналларда иллюстратор ва рассом бўлиб ишлаган. Шу давр мобайнида Карл Шпицвег томонидан яратилган асарлар унда инсон табиатининг ўзига хос хусусиятларини кузатиш бўйича буюк истеъдод борлигини намоён этди. 1940 йилларнинг охирларида Шпицвег ижодида янги давр бошланади – у табиатни акс этувчи асарлар яратишга эътибор қаратади.

Карл Шпицвег асарлари жамоатчилик эътирофига аста-секин сазовор бўлган. Рассом фаолиятидаги бурилиш даври 1867 йилга тўғри келди. У йили Парижда Бутунжаҳон кўргазмаси ўтказилиб, унда намойиш этилган асарлари  Шпицвегга машҳурлик олиб келди. Ижодкор ўзидан жуда катта қолдирган - 1500 дан ортиқ расм, акварель ва эскизлар.

Теодор Фонтане (1819 йил 30 декабрь 1898 йил 20 сентябрь)

Немис классик адабиёти вакили Бранденбург вилоятининг Нойруппин шаҳарчасида фармацевт оиласида туғилган. Ўрнатилган анъанага кўра, у авлодлари ишини давом эттириши керак эди. Ҳатто биринчи тоифадаги фармацевт бўлиш учун имтиҳондан ўтиб Берлиндаги дорихоначига шогирдликка тушади  ва бир кун келиб ўз дорихонасини сотиб олишни ҳам орзу қилади.

Отаси банкрот бўлиши оқибатида ҳаётий шароитлар ўзгариб кетади ва  анчагина ёш Теордор Берлин, Дрезден, Лейпцигдаги дорихоналарда фармацевт сифатида ишлаб пул топишга мажбур бўлади. Ёшгина Фонтанени биринчи адабий опуслар ёза бошлашига айнан нима ундаганлиги номаълум, лекин ижодий йўлга қадам қўйилди. Дорихонада бўш вақтларида шеърлар, журналлар учун мақолалар, насрлар ёзган. Ва ниҳоят 1849 йилда Теодор Фонтане бутун эътиборини тўлиқ адабий фаолиятга қаратди ва бу йўлда катта муваффақиятга эришди.

Фонтаненинг адабий мероси замондошлари ва авлодлар томонидан юқори баҳоланди. 1998 йилда ёзувчи туғилган Нойруппиннинг шаҳарчасига “Фонтане шаҳри” унвони берилди. Шунингдек, ёзувчига бағишланган ёдгорлик бўлиб, ҳатто ишлаган дорихона биноси (“Lо wenapotheke”) сақланиб қолган. Афсусли томони шундаки, ёзувчи бирор бир асарини дорихона фаолиятига бағишламаган.

Джон Ури Ллойд (1849 йил 19 апрель 1936 йил 9 апрель)

Коллоид кимё ва ўсимликлар биокимёси соҳасидаги кашшоф бўлган америкалик олим-фармаколог, илмий фантаст ёзувчи сифатида ҳам машҳур бўлган. Барчаси эса Aмериканинг турли хил флорасини одатий тадқиқ қилиш билан бошланган.

Джон Ури Ллойд ҳеч қачон ўз фаолиятини фақат лаборатория деворлари билан чеклаб қўйишга интилмаган. У ғайрат билан далаларга чиқиб, турли экзотик ўсимликларни ўрганиш ва антропологик маълумот тўплаш билан ҳам шуғулланган. Миш-мишларга кўра, олим ҳар доим ҳам ўзининг кашфиётларини оммага ошкор қилмаган: экспедиция пайтида у томонидан топилган наркотик моддаси мавжуд ўсимлик ва руҳиятга таъсир қилувчи қўзиқорин ҳақида бирон бир илмий ишда зикр қилинмаган. Ушбу ўсимликлар инсониятга фақат зиён олиб келиши мумкинлигидан қўрққан.

Машҳур фармацевт доктор Галловейга ёзган мактубида америка лианасидан олинадиган экстрактининг оғриқ қолдирувчи хусусиятларини ҳам тасвирлаб берган. Унинг ёзишича, унинг таъсири худди афюнникига ўхшайди ва шу сабабли бу кашфиёт сир тутилгани яхши. Ва, афтидан, ушбу кашфиёт сирлигича қолган.

Эҳтимол, фармакогнозия мухлиси бу воситани ўзида синаб кўрган бўлиши мумкин. Балки, шунинг учун у томонидан ёзилган адабий асарлар фантастика жанрига тегишли. Aхир, маълум бир турдаги руҳиятга таъсир қилувчи моддалар остида, ақлга нималар келмайди дейсиз! Бу ҳақиқатми ёки йўқми, эҳтимол биз буни ҳеч қачон билмаймиз. Aммо ҳақиқат шуки, Ллойдга катта машҳурлик олиб келган фантастик “Этидорпа, ёки Ернинг охири” романида асар қаҳрамонининг Кентукки штати остида чўзилган улкан ғорлар тизими бўйлаб саёҳат пайтида топган фанга номаълум қўзиқорин туфайли кўзлари ўнгида пайдо бўлган ҳаёлотлар дунёси тасвирланган.

Юқорида айтиб ўтилган асарлардан ташқари Жон Ури Ллойд қаламига  Стрингтаун шаҳри аҳолисининг кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи 6 та реалистик роман, 6 та илмий монография ва 5 мингга яқин илмий даврий нашрлардаги мақолалар мансуб.

Артур Конан Дойль (1859 йил 22 май 1930 йил 7 июль)

Шерлок Холмс яратувчиси санъат ва адабиётдаги ютуқлари билан танилган оилада туғилган. Aниқ ижодий мойилликка қарамай, Aртур кейинчалик оиласига ёрдам бериш учун шифокорликка ўқишга қарор қилади. Чунки, ўша давр шифокорларининг ижтимоий иерархияда мавқеи жуда юқори бўлган.

Университетда ўқиётган даврида Дойл пулга жуда муҳтож бўлган. Эдинбургда иккинчи курс талабасини ёрдамчи қилиб ёллайдиган шифокор топилмади. 1878 йилнинг ёзида Шеффилддаги доктор Ричардсон “доктор” Дойлнинг биринчи иш берувчиси бўлиб, у жамиятнинг энг қашшоқ қатламидаги беморларга хизмат кўрсатган.

Aртурнинг вазифалари дори-дармонларни тайёрлаш бўлди, аммо тажрибасиз ёрдамчи бу каби нозик ишнинг унддасидан чиқа олмади. Уч ҳафта ўтгач, доктор Ричардсон талаба Дойл билан ишлашни тўхтатади. Йигитча бир тийин ҳам пул ололмай кетади. Aммо бу ҳаётий тажриба кейинчалик “Старк Монронинг сири” романида акс этади.

Уильям Сидни Портер (1862 йил 11 сентябрь 1910 йил 5 июнь)

О Генри тахаллуси билан яхши танилган америкалик ҳикоялар устаси, мактабни тугатгандан сўнг, 1879 йилда амакисининг дорихонасида иш бошлади. Ва 1881 йилда, 19 ёшида, у фармацевт лицензиясини олди.

Гринсборо дорихонаси ижтимоий ва маданий ҳаёт маркази бўлган. Бу иш бўлажак ёзувчига жуда зерикарли туюлган бўлса-да, айнан ўша ерда у ўзининг биринчи адабий эскизларини дорихонанинг ички кўриниши ва харидорлар кузатуви асосида яратган. Дорихонадаги фаолиятининг тўртинчи йилида, оғир ирсият билан боғлиқ бўлган тинимсиз йўтал туфайли (Уильямнинг онаси сил касаллигидан вафот этган), у ишини ташлашга ва даволаниш учун Техасдаги фермер хўжалигига боришига тўғри келади.

Дорихона Уилям Портерга кейинчалик ҳаётини том маънода сақлаб қолган касбни берди. Банк маблағларини талон-тарож қилишда айбланиб ҳибсга олинган Портер дорихоначи вазифасини бажариш орқали қамоқхонадаги ҳаётини бироз  енгиллаштиради. О Генри ижодида ўзига хос адабий маҳорат ва ҳазил билан бир неча бор дорихона мавзусига мурожаат қилиб, дорилар ва уларнинг қандай тайёрланиши ҳақида ёзган.

Агата Кристи (1890 йил 15 сентябрь 1976 йил 12 январь)

Дунё таниган детектив асарлари қироличасининг марказий мавзуси заҳар ёрдамида қотиллик бўлган. Aгата Кристи томонидан ёзилган 80 та асарнинг 41 тасида қотиллик қуроли сифатида стрихнин, маргимуш, никотин, морфин, ва бошқа заҳарли моддалар келтирилган. Ва бу умуман тасодиф эмас эди. Машҳур инглиз ёзувчиси хавфли заҳарли дорилар ва гиёҳванд моддаларни тайёрлаш бўйича каттагина мутахассис эди.

Ҳаммаси Биринчи Жаҳон уруши пайтида бошланган, бўлажак ёзувчи бир неча йил давомида шифохонадаги дорихонада фармацевт-техник сифатида хизмат қилди. Бир оз бир хилликка қарамай, унга дорихона иши ёқди.

Шифокор беморга қанча дори буюрган бўлса,  Кристи хатосиз, грамм граммигача айнан ўша миқдорни ўлчаб берган. Унинг фикрича, фармацевтика таълимига беш йил ҳаётини бағишлаган ҳар бир дорихоначи ўз ишини жуда яхши билади. Фармацевтик моддаларни ўрганаётганда Кристи ён дафтарига уларнинг ташқи кўриниши, қандай таъсир қилиши ва нима билан аралаштириш мумкин эмаслигини батафсил ёзиб борган. Детектив роман ёзишни биринчи марта у айнан дорихонада ўйлаган.

Қизиғи шундаки, Aгата Кристи эгаллаган билим нафақат унга қизиқ адабий асарлар яратишда ёрдам берди, балки Aнглия ва Совет Иттифоқида одамлар ҳаётини сақлаб қолган. Масалан, Лондон шифокорлари оғир аҳволда ётган қизга ташхис қўёлмаганлар. Яхшиямки, ҳамширалардан бири Агата Кристи ижодининг ашаддий мухлиси бўлиб, ёзувчининг “Оқ от вилласи” ҳикоясида келтирилган заҳарланишни эслайди ва қизчадаги аломатлар таллийдан заҳарланиш бўлиши мумкинлигини айтади. Совет Иттифоқида ҳам ўша асар терговчига қўл келади. У олиб борган заҳарланиш билан боғлиқ ишда айнан таллий моддаси иштирок этишини аниқлайди.

 Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech