Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Дунёнинг энг гўзал, сизни ҳайратлантирувчи етти дорихонаси (1-қисм)

Дунёда кўп асрлик тарихга эга ёки замонавий санъат асарига тенглаштирса арзигулик кўплаб дорихоналар мавжуд.

Яшил хоч белгиси, шаффоф ойнали токчалар, оқ халатлар - бу дорихона ҳақида гап кетганда кўз олдимизга келадиган биринчи тасаввурлар. Фармацевтика муассасаларининг ташқи ўхшашлиги худди униформага ўхшаб кетади: дунёнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъи назар, дорихоналарнинг характерли дизайнни ҳеч нарса билан адаштириб бўлмайди. Бироқ, дунёда санъат асарлари билан тенглаштирилиши мумкин бўлган кўплаб дорихоналар мавжуд. Pharma Magazine таҳририяти дунёнинг энг чиройли, кўзга ташланадиган дорихона бинолари рўйхатини тузди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати томонидан таржима қилинган ушбу маълумотлар умид қиламизки сизга манзур бўлади.

1 - Officina Profumo - Farmaceutica di Santa Maria Novella дорихонаси

Флоренцияда жойлашган ушбу ҳақиқий марварид биринчи гўзаллик унвонига лойиқдир. Мармар поллар, баланд шифтлар, зарҳалланган арақилар ва мисдан ясалган ҳайкаллар - бунинг барчаси дорихонага ташриф буюрган ҳар бир инсонни ҳайратга солади. Айтиш лозим, Уйғониш даврига мансуб бу гўзаллик аслдир, чунки Санта Мария Новелла Европадаги фармацевтика бизнесининг биринчи вакилларидан биридир. Дорихона XIII аср қурилган фрескали черков биносида жойлашган. Дорихонанинг аниқ очилган вақти номаълум. Аммо, айтишларича, 1221 йилда бу ерга келган доминиканлик роҳиблар монастирга асос солган, ва бироз вақт ўтганидан сўнг шаҳарда дорихона фаолият юрита бошлаган. Роҳиблар монастирь  худудида доривор ўсимликларни етиштира бошлаганлар, беморларга тарқатиш учун дори-дармонларни тайёрлаганлар ва монастир касалхонасининг эҳтиёжларини қондирганлар. Ҳозирги дорихона айнан ўша ерда жойлашган - Via della Scala кўчаси 16 уйда.

Санта Мария Новеллада асл ички кўринишни сақлаб қолишга эришилган - турли даврларга мансуб антиқа мебеллар, фрескалар ва буюмлар, шунингдек, XVI асрга оид ноёб китоблар, дорихона анжомлари ва маиший техникалар. Дорихона майдони ҳам деярли ўзгармаган. Бино ичидаги устунлар, шунингдек XIV асрда Мариотто ди Нардо томонидан яратилган қадимий фрескалар сақлаган. Савдо хонасидан тўғридан-тўғри Санта Мария Новелла монастирига махсус портал орқали ўтишингиз мумкин. Бугунги кунга қадар бинонинг иккала томонида роҳибларнинг фармацевтика фаолиятига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи осма тахтачалар мавжуд.

2 - Placebo дорихонаси

Меҳмонни ҳайратга солиш учун дорихона узоқ тарихга эга бўлиш шарт эмас. Aфинанинг Vouliagmenis Avenue шоҳ кўчаси 85-уйда жойлашган Placebo Pharmacy дорихонасига назар солсангиз кифоя. Тўртбурчак шаклдаги бинонинг олд қисми думалоқ бўлиб, Брайл ёзувига тақлид қилинган тешиклар билан ўралган ва улар орасидаги бўшлиқ яшил ўсимликлар билан қопланган. Брайл шрифти бу ҳолда ўзига хос ҳавола бўлиб, унга мувофиқ тиббий маҳсулотлар қадоқларида кўзи ожизлар учун кўрсатмалар бўлиши керак. Юнонистоннинг KLab Architecture студияси томонидан яратилган ушбу замонавий фармацевтика муассасаси 2011 йилда қурилган ва ҳозирда кўплаб сайёҳларнинг ташриф маконидир.

Placebo Pharmacy дорихонаси ичи ёруғ ва кафиятни кўтарадиган муҳитга эга. Бино икки қаватли. Биринчисида жуда ўзига хос тарзда безатилган савдо майдончаси мавжуд. Марказда жойлашган касса томондан дори-дармонли токчалар айлана шаклида тарқалади. Бундай жойлашув кассирга бутун савдо майдончасини кузатишга имкон беради. Дорихонанинг ассортименти асосан рецептсиз бериладиган дорилар, косметика, ортопедия маҳсулотлари ва спорт кийимларидан иборат. Ўсимликлар ва органик маҳсулотлар алоҳида аҳамиятга эга, чунки Placebo Pharmacy дорихонаси она ва бола соғлиғига ихтисослашган.

Иккинчи қаватда маъмурият ва шифокор хонаси жойлашган. Бундан ташқари, бу ерда соҳага оид турли семинарлар ўтказилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech