Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Эмлашдан ўтишни рад этган ходимни ишдан четлатишга рухсат берувчи қонун имзоланди

2021 йил 2 август куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Ушбу қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилди.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 июлдан айрим тоифадаги фуқароларга мажбурий эмлаш жорий қилинган эди. Улар - тиббиёт ва таълим муассасалари, транспорт компаниялари, чакана савдо шохобчалари ходимлари, давлат хизматчилари ҳамда бошқалар. 

Шу билан бирга, адлия вазири Русланбек Давлетов иш берувчи ходимни эмлашдан бош тортгани учун ишдан бўшатиши эмас, балки четлаштириши мумкинлигини маълум қилди.

Қонун расмий эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech