Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармагентлик раҳбарияти сайлов жараёнларида халқаро меҳмонларга ҳамролик қилишди

Хабарингиз бор куни кеча бутун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. 

Мазкур сиёсий жараёнларни бевосита кузатиб бориш учун мамлакатимизга жуда кўп хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, халқаро ОАВ вакиллари ташриф буюришди.

Ана шундай меҳмонлардан бири Украиналик Ҳалқаро кузатувчи Сергей Толстовга Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, Покистонлик Надим Халидга эса Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Акбаров ҳамроҳлик қилди.

Дастлаб меҳмонлар пойтахтимиздаги хорижий ва маҳаллий журналистлар, шунингдек, меҳмонлар учун мулоқот майдонига айланган Халқаро медиа ҳоллга ташриф буюрди ва бу манзилда ташкиллаштирилган учрашувда иштирок этиб, мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён - бу йилги сайлов ҳақида маҳаллий телеканалларимизга интервью беришди.

Шундан сўнг, Миробод туманидаги 110-мактаб ҳудудида ташкил этилган 105-сайлов участкасидаги сайлов жараёнлари билан яқиндан танишилиб, фаол иштирок этаётган сайловчилар билан мулоқот бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, ОАВ вакилларининг бу йилги демократик жараёнларни ҳаққоний ва тезкор ёритишлари, кузатувчиларнинг сайлов участкалари бўйлаб эркин ҳаракат қилишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, халқаро меҳмонлар юртимизга ташриф давомида нафақат сайлов жараёнлари балки мамлакатимизнинг бой маданий, тарихий, илмий мероси, ўз бағрида бир неча асрлик тарих сир-синоатини сақлаб келаётган маҳобатли ёдгорликлар, тарихий масканлар, зиёратгоҳлар билан танишишлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев маълумот беришича бугун 16:00 да бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш 
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech