Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг байрам табриги

Ассалому алайкум ҳурматли ҳамкасблар ва юртдошлар! Шу кунларда ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ўчмас из қолдирган 2020 йил билан хайрлашиб, эзгу қадамлар билан кириб келаётган 2021 йилни яхши ниятлар билан қарши олмоқдамиз. 2020 йил – "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" номини олди, шунингдек синовли йил ҳам бўлди. Шунга қарамай, бугун бор куч ва имкониятларимиз юртимиз тараққиётига сафарбар этилган бир пайтда, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар йўлидамиз.

Ўтаётган йил COVID-19 пандемияси даврида тармоқ вакиллари қўлларидан келганча ҳалқимиз учун кўмакда бўлдилар. Маҳаллий фармацевтика тармоғида аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларининг фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини етарли даражада қаноатлантириш учун самарали ишлар олиб борилди.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласи тизимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди, маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Эндиликда, маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта электрон қонун ҳужжати қабул қилинди. Мазкур ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган бўлиб, унга асосан тиббиёт ходимлари томонидан беморларга рецепт ёзишда дори воситаларининг савдо номини эмас, балки унинг таркибидаги таъсир қилувчи моддаларни ёзиш талаб этилади. Бу эса фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратади, шунингдек тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларни, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ноқонуний келишувларни олдини олишга хизмат қилади.

Яна бир қувончли воқеа - жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилиши бошланди. “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери Ҳомийлик кенгаши ҳамда Ривожлантириш дирекцияси тузилди. Унинг фаолиятини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги амалга оширади. Келгусида бу ерда чет эл клиникалари, тиббиёт марказларини очиш, кластернинг инфратузилмаларини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Ҳар бир янги йил эришилган ютуқларга завқ билан қараш мумкин бўлган муҳим босқичдир. Умид қиламанки, бу йил Сизлар учун муваффақиятли бўлиб, келгуси йилда ушбу ўтаётган йил давомида рўёбга ошмаган барча орзу-умидларингиз амалга ошади.

Кириб келаётган 2021 йил ҳаммамизга муборак бўлсин. Сизни ва оила аъзоларингизни Янги 2021 йил байрами билан чин юракдан муборакбод этаман!

Янги йилингиз қутлуғ бўлсин!

Самимият билан,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
директори Сардор Кариев
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech