Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Лицензия ва назорат қилиш бошқармаси огоҳлантиради

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи барча ташкилотларга (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) диққатига!

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2647-сонли қарори билан 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун
сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган
миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу қарор билан:

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги зиммасига дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибига риоя этиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда унинг бузилиши аниқланганда қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материалларни лицензияловчи органга киритиш вазифаси юкланган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сонли қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ҳамда “Фармацевтика фаолиятини (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно) лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомларга асосан мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибининг бузилиши лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланишини эслатиб ўтамиз.

Юқоридагиларга асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибига риоя қилмаган уларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларга (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) нисбатан лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилишгача бўлган қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огохлантириб ўтамиз.

Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech