Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакиллари томонидан Наманган вилоятида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек жорий йилнинг 6 октябр санасида Наманган вилоят Давлат хизматлари маркази биносида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг тегишли буйруғи билан Наманган вилоятидаги жисмоний ва юридик шахслар учун навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.

Унда Агентлик директори ўринбосари Алишер Темиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, Наманган вилоят ҳокимининг Маҳаллий саноатини ривожлантириш бўйича ёрдамчиси Аюбхон Бобомирзаев, Наманган вилоят фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, “Косонсой-фарм” ЭИЗ дирекцияси вакиллари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган дори воситаларинини тайёрлаш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи ва чакана реализация қилиш ҳуқуқига эга лицензиатлар ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида Агентлик ҳамда давлат маркази, шунингдек Наманган вилоят фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳудудий бўлинмаси мутахассислари соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказиб фармацевтик фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда тадбиқ этилиши юзасидан тушунтириш беришди.

Қабулда турли хил муаммо ва ҳуқуқий масалаларга ечим излаб келган 60га яқин фуқаролар иштирок этди.

Мурожаатларнинг аксариятини дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, ички дорихоналар фаолиятини лицензиялаш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг эскпорт-импорт масалари шунингдек фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозимлиги мавзусидаги мурожаатлар ташкил этди.

Режага мувофиқ куннинг иккинчи ярмида, маҳаллий журналистлар, блогерлар ва ОАВ вакиллари учун сайёр қабул доирасида Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Merrymed farm” МЧЖ фармацевтик корхонасига пресс-тур уюштирилди.

Маълумот учун, 2010 йилда 30 ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган “Merrymed farm” МЧЖ, бугун 700 та иш ўрнини яратган, йиллик қуввати 120 миллион ўрамга яқин дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлиб, республикада ишлаб чиқариш ҳажмига кўра кучли ўнталикка кирувчи фармацевтик корхона ҳисобланади.

Вилоятда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг катта қисми “Merrymed farm” ҳиссасига тўғри келади. Корхона цехларида таблеткалар, капсулалар, инъекцион ва инфузион эритмалар, суртмалар, сироплар, суспензиялар, кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқарилмоқда.

Янги ишга туширилган бўлимда йилига 15 миллион 600 минг флакон, жами қиймати 30 миллиард сўмга яқин бўлган глюкоза, натрий хлорид, рингер, метронизадол, сипроксин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқарилади.

Пресс-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Эслатиб ўтамиз, Сайёр қабул доирасидаги учрашувлар кейинги манзил - Фарғона вилоятида давом этади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech