Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Фармрейд: Дастурхонга яширилган 235 миллион сўмлик дорилар фош этилди

Сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда. Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказишди.

Тезкор тадбир давомида, фуқаро И.Д. бошқарувидаги “Ласетти” русумли енгил автомашина кузатувга олинди. Шундан сўнг, Қува ҳудудида ушбу автомашина тўхтаганида, фуқаро А.Х. қўлидаги дастурхонга ўралган сават билан автомашина ёнига бориб, автомашинадан узатилган 1 дона қоғоз қутини дастурхони орасига солганида тезкор гуруҳ ходимлари томонидан қўлга олинди. Текширув давомида, ушбу саватдаги қоғоз қутида умумий қиймати 235,2 миллион сўмлик жами 7840 дона “Регапен 300мг” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги 4438-сон қарорига мувофиқ кучли таъсир этувчи моддалар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 818-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарор асосида кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати тасдиқланган ҳамда уларнинг ноқонуний савдо учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech