Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Лойиҳанинг асосий мақсади – Фарғона водийсида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаганларга ўз бизнесини йўлга қўйишга амалий ва маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш.

Ушбу лойиҳа доирасида Фарғона вилоятининг Қўқон, Марғилон ва Фарғона шахарлари, Андижон вилоятининг Мархамат, Жалақудуқ ва Андижон туманлари хамда Наманган вилоятиниг Чортоқ, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида Ҳудудий Бизнес-инкубаторлар (ҲБИ) ташкил этилди.

ҲБИларни ташкил этишдан мақсад:
- Фарғона водийсидаги қишлоқ тадбиркорларини иқтисодиётнинг янги тармокларига жалб этиш;
- Фарғона водийсидаги иқтисодий салоҳият ва иш билан таъминлаш имкониятлари, қишлоқ тадбиркорлари учун иқтисодий ўсишга эришиш йўлларини ёритиш;
- республикада қишлоқ тадбиркорлигини кенг миқёсда ривожлантириш;
- маҳаллий тадбиркорларга миллий ва халқаро савдо майдончаларига чиқишда ёрдам бериш;
- юқори салоҳиятга эга бўлган тармоқлардаги (аграрозиқ-овқат сектори, туризм, тўқимачилик/кийим-кечак, кичик ишлаб чиқариш) микрофирма ва кичик корхоналарда молиявий ва номолиявий хизматлардан фойдаланиш бўйича тадбиркорларни хабардор қилиш.

ҲБИлар куйидаги асосий функцияларни амалга оширилади:
— «Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида чора-тадбирлар режаси ва натижалар кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;
— Фарғона водийсида имкон қадар кўпроқ қишлоқ тадбиркорларини ҲБИлар томонидан қамраб олиш учун аҳоли билан ишлаш;
— Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг мавжуд хизматларини кўриб чиқиш ва салоҳиятли тадбиркорларнинг эҳтиёжларини қондириш мақсадида мавжуд хизматлар рўйҳатини кенгайтириш;
— Фарғона водийсида ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашга йўналтирилган корхоналарга махсус кўмак бериш;
— кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг маъмурий, маслаҳат (консалтинг) ва услубий жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш;
— ҲБИ резидентлари учун, жумладан, давлат кўмаги воситалари ёрдамида молиялаштириш олишда талабномалар тайёрлашда кўмаклашиш;
— ҲБИ резидентлари учун ахборот ва экспертлар ресурслари очиқлигини таъминлаш;
— муваффақиятли корхоналарда стажировкалар, турли мавзуларда тренинглар, тажриба алмашиш учун форумлар ташкил этиш;
— кичик бизнес субъектлари учун мутахассислар танлаб олиш ва жамоа шакллантиришда ёрдам бериш;
— ҲБИларда кичик бизнеснинг ривожланиши ҳақида маълумотлар ахборот-таҳлилий базасини ишлаб чиқиш;
— товарлар ва хизматлар потенциал бозорларига келгусида кириш учун ҲБИ резидентларининг бизнес-лойиҳаларини тезлаштиришда кўмаклашиш;
— бизнес-кўргазмалар ва форумларга иштирок этиш учун тадбиркорларни жалб қилиш;
— Ўзбекистон ҳудуди ва хорижий мамлакатларда сотувчи билан харидор учрашувини ташкил қилишда кўмаклашиш;
— бизнесни ташкил қилиш ва корхоналарни бошқариш масалалари бўйича махсус ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ва босиб чиқариш;
— давлат дастурлари доирасида маблағлар олган тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш бўйича режалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Шубҳасиз, мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш билан бирга, янги иш ўринлари яратилишига ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech