Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Франция билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилади  

Юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасига халқаро илғор тажрибалар ва инновацион ечимлар, замонавий технологияларни татбиқ этиш борасида дунёда етакчи бўлган Франция корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу эса тиббиётимизнинг турли йўналишларида янги замонавий босқичларга эришишда ўз самарасини бермоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Францияга Олий даражадаги ташрифи доирасида кўплаб бошқа соҳалар қатори, аҳолимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янаям мустаҳкамлаш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев бошчилигидаги делегация вакиллари Франциядаги йирик фармацевтика корхоналари масъуллари билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокара олиб бордилар. Хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринборсари У.Эгамов иштирокида Франциянинг “Sanofi-Aventis” компанияси билан ўзаро Ҳамкорлик Баённомаси имзоланиб, инсулин аналоги ва вакциналарни етказиб бериш, эндокринологларнинг қандли диабетни бошқариш соҳасидаги билимларини ошириш, шартномавий ўзаро муносабатларни соддалаштириш, компаниянинг дори воситаларини иккиламчи ўрамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чоралари белгиланган узоқ муддатли шартномалар тузилди.

Таъкидлаш жоизки, “Sanofi-Aventis” дунёнинг етакчи фармацевтик компанияларидан бири бўлиб, 12 та давлатда ишлаб чиқариш қувватларига эга. Компания томонидан узоқ муддат таъсир этувчи инсулин аналоги “Лантус®” ва қисқа муддат таъсир этувчи инсулин аналоги “Апидра” сингари стратегик зарур дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу компаниядан 2022 йилда мамлакатимизга қиймати 1,7 млн. долларлик шартнома доирасида 315 минг шприц-ручкалар харид қилинган.

Шунингдек, У.Эгамов иштирокида Франциянинг “Laboratoire Innotech International” компанияси вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувда хорижлик ҳамкорларга Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида батафсил маълумот берилди. Музокаралар сўнгида компания масъуллари томонидан Марказий Осиёда янги турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қизиқиш билдирилди. Ушбу масала юзасидан хорижий ҳамкорларнинг келгуси йилнинг январь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши тўғрисида келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, “Laboratoire Innotech International” Франциянинг етакчи фармацевтик компанияларидан бири бўлиб, унинг томонидан ишлаб чиқарилган 16 номдаги дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатга олинган. 2020-2022 йилларда ушбу компаниянинг 2 миллион ўрам, қиймати 6,2 миллион долларлик дори воситалари мамлакатимизга олиб кирилган.

Шунингдек, “Les Laboratoires Servier” ва “Substipharm” компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech