Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Иммунитетни кўтарувчи дорилар қанчалик самарали?

Салкам бир йилдан буён дунё коронавирусга қарши курашмоқда. Афсуски, ғалаба ҳали қўлга киритилмади. Тўғри, вакциналар ишлаб чиқарила бошланди, ҳадемай инсоният тафаккури коронавирусни енгиш усулини ҳам топар балки. Бироқ унгача яна қанча қурбонлар берилади, буниси номаълум. Энди ҳар ким ўзи учун ўзи масъ­ул эканини англай бошлади. Касалликдан ўзини ҳимоялашга киришди. Кимдир ов­қатланиш рационига ўзгартириш киритган, кимдир иммунитет кўтарувчи дорилар истеъмолига эътибор қаратган, яна бошқаси жисмоний фаолликни оширган...

Витаминга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, жисмонан фаол бўлишнинг организмга фойдаси ниҳоятда катта эканини биламиз. Бироқ иммунитетни оширувчи дориларни мунтазам қабул қилиш нечоғли ўринли? Аслида бундай воситалар тождор вирусдан ҳи­мояланишда самара берадими? Уларнинг кўп истеъмоли саломат­ликка зиён етказмайдими? Шу каби саволлар билан Ўзбекистон Фан­лар академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти илмий ходими Шерзод МУХТОРОВга му­рожаат қилдик.

Иммунитет нима?

— Иммунитет организмнинг бактерия ва вируслар, замбуруғлар­дан ҳимояланиши, уларга қаршилик кўрсатишидир. У уч хил кўринишда намоён бўлади:

Филогенетик иммунитет – насдан-наслга ўтадиган номах­сус ҳимоя омиллари. Бу омиллар патоген агентлар билан биринчи бўлиб алоқа қилади. Натижада одам организмининг кўпгина юқумли касаллик қўзғатувчиларга чидамли­лиги таъминланади.

Туғма иммунитет – бир биоло­гик турнинг маълум бир патоген агентга нисбатан чидамлиги бўлиб, у ҳам наслдан-наслга ўтади. Ма­салан, ит, қорамол, товуқларнинг ўлат касаллиги қўзғатувчилари одамларга юқмайди, ўз навбатида, одамлардаги захм, қизамиқ, вирус­ли гепатит, ОИТС қўзғатувчилари ҳайвонларда касаллик қўзғатмайди.

Орттирилган иммунитет – ҳаёт давомида организм иммун тизими­нинг ёт антигенлар билан таъсир­лашуви ҳисобига юзага келадиган ҳимоя бўлиб, наслдан-наслга ўтмайди. Орттирилган иммунитет табиий ва сунъий бўлади. Табиий фаол иммунитет юқумли касал­ликдан соғайгандан сўнг юзага келади. Сунъий иммунитет вак­циналар билан эмлаганда, зардоб, қон, иммуноглобулин ва плазмалар юборилгандан сўнг ҳосил бўлади. Муайян тўқима ва аъзода маълум бир омилга қарши ривожланган ҳимоя эса маҳаллий иммунитет деб аталади. Бу ҳимоя сиртқи иммун тизим аъзоларининг фаоллиги ҳисобига юзага келади.

Дори воситалари иммунитетни мустаҳкамлайдими?

Иммунитетни кўтаришга мўл­жалланган дори воситалари, яъни иммуномодуляторлардан билиб- билмай фойдаланиш керак эмас. Боиси бундай дориларга доим ҳам ишонч йўқ. Афсуски, бугун уларнинг рекламаси ниҳоятда кўп. Одамлар ишонувчан, дорилар­дан истеъмол қилишади. Аслида, иммуномодуляторлар – иммунитет тизимига таъсир қилувчи ёки унинг фаолиятида иштирок этадиган биологик фаол моддалардир. Улар патогенларга бевосита таъсир қил­майди, аммо ҳужайраларнинг им­мунитетини ўзгартириши мумкин.

Иммуномодуляторларга «Каго­цел», «Полиоксидоний», «Брон­хо-мунал», «Галавит», «Деринат», «Циклоферон», «Эхинацея»ни мисол келтириш мумкин. Бу препа­ратларнинг ҳеч бири инсон имму­нитетини кучайтириб қўймайди. Вирусга қарши иммунитет ҳам шакллантирмайди. Шу боис воси­талардан фойдаланаётганда имму­нолог шифокорга мурожаат қилинг. Боиси киши иммун тизимининг ҳолатини баҳолаш учун амалга ошириладиган комплекс таҳлил иммунограмма текширувларини ўтказмасдан туриб, иммуномо­дулятор дори воситаларини қабул қилиш тавсия этилмайди.

Иммунитетни нима кучайтиради?

Иммунитетни мустаҳкамлаш учун табиий таркибида кўплаб витаминлар сақлайдиган воси­талардан фойдаланган маъқул. Масалан, ҳўл мевалар, сабзавотли салатлар, суюқликлар, дамламалар­ни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Айниқса, анор, олма, лимон, қатиқ, пиёз, саримсоқ пиёз, асал, қовоқ, бурукли карами, қора седанани мунтазам танаввул қилиш кони фойда. Бундан ташқари, кўк чой, череда (иттиканак), мойчечак, занжабил, қуритилган йерба мате барглари, қизил мия илдизи дамла­малари иммунитетни кўтаришда қўл келади.

Иммун тизим — организмдаги энг нозик жараёндир. Иммунитет ҳар қандай ҳолатда, дори-дармон қабул қилсак ҳам, қилмасак ҳам касалликлар билан курашавера­ди. Фақатгина дори-дармонларни тўғри қабул қилишимиз керак. Организмнинг иммун жараёнини бузмаслик лозим. Иммун тизимга ўзбошимчалик билан тартибсиз аралашиб бўлмайди. Чунки имму­номодуляторларни ноўрин қабул қилиш организмда баъзи аутоим­мун касалликларни вужудга келти­риши мумкин.

«Mahalla» мухбири

Садоқат МАХСУМОВА ёзиб олди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech