Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Инновацион ривожланиш вазирлигида Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

БМТ қарорига кўра, 2016 йилдан бошлаб ҳар йили 11 феврал "Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида нишонланади. Бундан кўзланган асосий мақсад аёлларнинг илм-фандаги салоҳиятига эътибор қаратиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Таъкидлаш жоиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2020 йилдан буён аёллар учун алоҳида танлов – "Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 11-феврал санасида вазирликда бўлиб ўтган “Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни”га бағишланган тадбирда юқоридаги танловда ғолиб бўлган бир гуруҳ олима аёллар иштирок этишди.

Ғолиблар сафида эътироф этилган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон кимё-фармацевтика институти ходими, фармацевтика фанлари номзоди, доцент Яйра Назирова ўз лойиҳасини амалга ошириш учун махсус сертификат билан тақдирланди.

Яйра Назированинг таъкидлашича, ФЗ-202007215 – «Catharantus roseus ўсимлиги хом ашёси асосида саратонга қарши дори воситаларининг саноат технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги амалий лойиҳаси маҳаллий шароитда интродукция қилинган Catharantus roseus - пушти бўригул доривор ўсимлиги таркибидаги алкалоидлар суммаси асосида, саратон касалликларига қарши самарали субстанция ва тиндирманинг саноат технологиясини ишлаб чиқиш ҳисобига амалдаги хорижий онковоситаларини маҳаллийлаштиришга қаратилган.

Бунда олинадиган илмий натижалар фармацевтика тармоғида импорт маҳсулотлар ҳажмини қисқартириш ва валюта маблағларини тежаш муаммоларини ҳал қилинишига хизмат қилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech