Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастури ижроси бўйича брифинг ўтказилди

Жорий йилнинг 7 июль санасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги брифинги бўлиб ўтди.

Брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Қизлархон Бегматова Агентлик томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури” доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтган давр оралиғида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Ҳусусан 85.5-бандида белгиланган “Республика ҳудудида клиник тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда клиник базаларни жаҳон стандартлари асосида модернизация қилиш” вазифаси ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш ҳамда уларнинг халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ўтказилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 181-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида давлат муассасаси шаклидаги Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш марказини ташкил этиш белгиланди.

Марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади. Лойиҳанинг қиймати 125 млн. долл. (EDCF фонди – 105 млн. долл, Ўзбекистон томонидан – 20 млн. долл.) миқдорни ташкил этади. Марказни ишга туширилиши натижасида 250 та янги иш ўринлари яратилади.

Марказ қуйидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади:

➖ дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро этик ва илмий стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этишни жорий этиш;
➖ 
республика ҳудудида клиник тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда клиник базаларни жаҳон стандартлари асосида модернизация қилишни мувофиқлаштириш;
➖ 
«Зарур клиника амалиёти (GCP)» талабларига мувофиқ дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишни ташкил этиш;
➖ 
женерик дори воситаларининг оригинал дори воситаларига фармакологик биоэквивалентлигини аниқлаш;
➖ 
клиник тадқиқот субъектида дори воситаларининг фармакокинетик тадқиқотларини ўтказиш;
➖ 
тиббиёт ходимларининг клиник тадқиқотлар ўтказиш соҳасида малакасини ошириш;
➖ 
«Зарур клиника амалиёти (GCP)» йўналишида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Таъкидлаб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 21 январдаги ПФ-55-сон Фармони билан дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга чеклов бекор қилинган.

«Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида ташкил этилаётган Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш марказида кўнгилли беморларда янги турда яратилган янги авлод дори воситаларининг клиник тадқиқотлари амалга оширилади.  

Республикамизда бугунги кунда 89 та клиник тадқиқот базалари фаолият юритиб келмоқда. Қарорга биноан мазкур клиник тадқиқот базалари 2026 йилга қадар босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech