Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Ишонч” газетасининг “Бир манзилда 24 дорихона... аммо излаганни топиш душвор” сарлавҳали мақоласи юзасидан расмий муносабат

Жорий йилнинг 11 июнь куни Сирдарё вилоятидаги “Ишонч” газетасининг 61-сонида “Бир манзилда 24 дорихона... аммо изланганини топиш душвор” мавзусидаги мақола чоп этилган эди. Унга кўра, Гулистон шаҳрининг Бунёдкор (собиқ Н.Зокиров) кўчасида 24 та дорихона кетма-кет жойлашгани, аммо уларда баъзида оддий изланган дори ҳам топилмаслиги, дорихоналар маҳсулот хилма-хиллигига ҳам эътибор қаратиши лозимлиги ёзилган ва  бу масалага масъулларнинг фикри сўралган.

Жорий йил 18 июнь ҳолатига кўра, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Бунёдкор (собиқ Н.Зокиров) кўчасида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализацияси билан шуғулланувчи 26 та тадбиркорлик субъектлари тегишли лицензия асосида фаолият юритмоқда.

Мазкур ҳудуд собиқ Марказий деҳқон бозорига туташ кўча бўлганлиги, ҳамда фуқаролар гавжумлиги сабабли, ушбу кўчада дори воситалари савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил қилинган дорихоналар Гулистон шаҳрининг бошқа ҳудудларига нисбатан бирмунча зич жойлашган. Бугунги кунда, Марказий деҳқон бозори бошқа ҳудудга кўчирилганлиги, шунингдек Республикамизда коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида карантин чоралари қўлланилганлиги сабабли Бунёдкор (собиқ Н.Зокиров) кўчасида вақтинчалик транспорт воситалари ва фуқаролар ҳаракати чекланган.

Карантин даврида 60-70% дорихоналар фаолият юритмаганлиги ва қолганларининг фаолияти вақтинча сусайиши сабабли дори воситалари савдоси ҳажмининг пасайиши кузатилган. Дори воситалари ва тиббий буюмлар алоҳида сақлаш шароитларини талаб қиладиган маҳсулотлар сирасига киришини эътиборга олган ҳолда, шунингдек савдо ҳажмининг камайиши натижасида дорихоналардаги дори воситалари  ассортименти сезиларли даражада камайишига олиб келган.

Бугунги кунда Сирдарё вилояти, хусусан Гулистон шаҳри “Яшил” ҳудуд деб эътироф этилганлиги сабабли ушбу кўчада фуқаролар ва транспорт қатнови аста-секин тикланмоқда, натижада дорихоналар фаолияти ҳам тикланиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар ассортименти кенгаймоқда.

Шунингдек, мақолада келтириб ўтилган ўлчов воситалари бўлган қон босими ўлчаш воситаси - тонометр, тана ҳароратини ўлчовчи - термометр, ҳамда “варикоз” касаллигида фойдаланиш учун мўлжалланган боғламалар, дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати (рўйхат рақами 2846-сон 06.12.2016)да назарда тутилмаган.

Аммо аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш ҳолатини яхшилаш, аҳоли томонидан билдирилаётган ўринли эътирозларни келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш мақсадида Сирдарё вилояти Фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси томонидан Гулистон шаҳар, Бунёдкор (собиқ Н.Зокиров) кўчасида жойлашган ҳамда ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган дорихоналар раҳбарлари билан жойига чиққан ҳолда суҳбатлар ўтказилди ва эътирозларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech