Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги COVID-19'ни даволаш ва профилактика қилиш учун мўлжалланган дори воситалари рекламасида чалғитувчи фикрлардан фойдаламасликни сўрайди

Сўнгги вақтларда аксарият реклама воситалари, жумладан интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграмм каналлар орқали коронавирус инфекциясини (COVID-19) даволаш ва профилактика қилиш учун мўлжалланган дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа даволаш усуллари рекламаси кескин фаоллашган бўлиб, уларда вирусли касалликлар, шу жумладан коронавирус инфекциясига қарши таъсир кўрсатувчи моддалар ва хусусиятлар мавжудлиги тўғрисида истеъмолчиларни чалғитувчи фикрлардан фойдаланилмоқда.

Бунда, реклама ахборотидаги маълумотлар амалдаги ҳолатга мос келмаслиги истеъмолчилар ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда ҳамда бундай рекламалар орқали сотиб олинган (истеъмол қилинган) дори воситалари фуқароларнинг саломатлигига ва моддий манфаатига зиён келтирмоқда.

“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир. Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланиб, бундай реклама тақиқланади (13-модда).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги коронавирус пандемияси даврида реклама берувчи ва тарқатувчилардан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик тамойилларига қатъий амал қилишлари, асоссиз, ҳеч қандай исбот ва далилларга эга бўлмаган ахборот тарқатишни ҳамда дори воситалари ва тиббий хизматларга аҳолининг ишончини йўқотишга уринишдан иборат ҳаракатларга йўл қўймасликлари ҳамда истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмасликлари сўралади.
 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech