Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги дори воситалари рекламасидаги баъзи камчиликларни маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги Низомда (рўйхат рақами 1024, 2001 йил 6 апрель) дори воситалари рекламасига қўйилган бир қатор талаблар белгиланган. Хусусан, фақат шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари ҳамда таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади.

Ўз навбатида, рецепт билан бериладиган дори-дармон воситаларининг рекламаси фақат дори-дармон воситаларини тайинлаш ва тарқатиш ҳуқуқи бўлган мутахассислар томонидан фармацевтика соҳасига оид маълумот-ахборот марказлари ёрдамида, ихтисослашган махсус нашрларда, конференция, симпиозум, кўргазмаларда амалга оширилади. Шунингдек, алоҳида рецепт билан бериладиган дори воситаларини кўп учрайдиган буюмлар (соатлар, календарлар, соябонлар, брелоклар, кулдонлар, совғалар, канцелярия маҳсулотлари, идишлар, белгилар)да жойлаштириш тавсия этилмайди.

Оммавий ахборот воситаларида фақат рецептсиз бериладиган дори-дармон воситаларини реклама қилишга рухсат этилади, шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари рекламаси тушунарли тилда баён қилиниши, дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан, халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи ҳамда дори воситасидан фойдаланиш ҳақидаги ахборот ва уни қўллаш учун асосий кўрсатмалардан иборат бўлиши лозим.

Рецептсиз бериладиган дори-дармон воситалари рекламасида:

а) дори-дармон воситасини ноёб, энг самарали, қўшимча таъсирларнинг мавжуд эмаслиги жиҳатидан энг хавфсиз восита сифатида ифодаламаслик;
б) дори-дармон воситасининг таркиби, ишлаб чиқарилиши, янгилиги ёки патентланганлиги хусусида янглиш тасаввур бермаслик;
в) ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг обрўсига, истеъмолчиларнинг дорилар таъсирига бўлган ишончини йўққа чиқармаслик;
г) ўзларининг машҳурлиги туфайли дори-дармон воситаларини қўллашни рағбатлантириши мумкин бўлган олимлар, соғлиқни сақлаш ходимлари, шунингдек, давлат хизматчилари ёки бошқа шахсларнинг тавсияларини далил қилиб келтирмаслик;
д) фақат ёки кўпроқ болалар учун мўлжалланганлиги тўғрисида материалга эга бўлмаслик;
е) мазкур дори-дармон воситасининг хавфсизлиги ва самараси унинг табиий келиб чиқиши билан боғлиқ эканлигини даъво қилмаслик;
ж) дори-дармон воситаси биологик фаол озиқ-овқат қўшилмаси, косметик маҳсулот ёки гигиена воситаси бўлиб ҳисобланади деб тасдиқламаслик;
з) рекламанинг таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори-дармон воситалари билан муболағали таққослашга йўл қўймаслик;
и) тиббий маслаҳатлар ёки жарроҳлик операциялари кераксиз деган тасаввурини ҳосил қилмаслик;
к) мазкур дори-дармон воситасининг таъсири кафолатланганлиги тўғрисидаги фикрни тасдиқламаслик;
л) дори-дармон воситасини қўлламасликдан кишининг соғлиғи ёмонлашувини онгга сингдирмаслик керак.

Дори воситалари рекламаси қуйидаги маълумотларни қамраб олади:

а) дори воситасининг тўлиқ (жумладан, халқаро-патентланмаган) аталиши;
б) фаол моддалар номлари:
в) дозировкада (ишлаб чиқарилиш шакли) фаол моддалар таркиби;
г) қўлланилишга тасдиқланган аломатлар;
д) асосий исталмаган реакциялар ва салбий таъсирлари;
е) салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги юзасидан маълумотлар, мазкур дорини қўллашда эҳтиёторлик талаб этиладиган ҳолатлар бўйича огоҳлантириш;
ж) бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири;
з) ишлаб чиқарувчининг номи;
и) тегишли илмий манбаларга ҳавола;
к) мазкур реклама истеъмолчилари фақат тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари эканлиги ҳақида маълумот;
л) қўшимча маълумот олиш имконияти ва манбаси ҳақида ҳавола.
Таъкидлаш жоизки, дори воситалари, даволаш усуллари, умуман, инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлган рекламалар истеъмолчиларда шифокорга учраш шарт эмас, деган фикрни шакллантирмаслиги лозим. Агентлик  томонидан ўтказилган ўрганишларда “АРПЕФЛЮ – шансы вирусов равны нулю”, “Канефрон Н – Циститни тез даволайди”, “Супрастин – мощный удар по аллергии”, “Татум верде – даволаш учун самарали ва юқори хавфсизлик таркибига эга дори воситаси”, “Генферон лайт – вирусларга қарши ишончли восита, мутахассислар томонидан тавсия этилади, хар бир уйда бўлиши шарт. должен быть в каждой семье”, “Комфорт даволаш”, “Ишончли самара”, ”Самараси исботланган”, “Энг маъқул танлов”, мазмунидаги рекламалар жойлаштирилганлиги аниқланди.

Шунингдек, “Виферон – самарали восита”, “Анви Макс – афсонавий куч”, “Кагоцел  – проверено опытным путем”, “Бисорол – надежные лекарственные препараты”, “Опеферр – “Надежность – несомненное  преимущество терапии”  препаратлари ва бошқа дори воситалари рекламасида “100 фоиз беморлардаги шамоллашга ёрдам беради”, “Юқори самара” ва “Мақбул нарх, сифатли, фойдали”, каби сўзлар мавжуд бўлиб, улар қонунчилик талабларига мувофик эмас.

“Реклама тўғрисида”ги қонунга асосан, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва рекламани тарқатувчи белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади. Шу билан бирга, амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ, реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи реклама материалларини охирги марта реклама эълон қилинган (кўрсатилган) кундан бошлаб бир йил давомида сақлаши шарт.

Бундан ташқари, айрим ҳолатларда дори-дармон воситалари рекламаларида “№ 1”, “Энг яхши”, “Фақат”, “Ҳақиқий”, “Фақат бизда”, “Энг аниқ”, “Экологик тоза”, “100 фоиз кафолат”, “Жаҳон андозаларига тўлиқ мос”, “Ҳамма талабларга тўлиқ жавоб беради”, “Жуда сифатли“, “Самараси исботланган”, “100 фоиз натижа”, “Ишончли даво”, “Акс таъсирлари йўқ”, “Мақбул танлов”, “Барча хавфсизлик чоралари кўрилган”, “Энг охиргиси”, “Ҳар жиҳатдан даво”, “Мақбул қарор”, “Дунёда етакчи”, “Энг ишончли”, “Энг охирги авлод препарати”, “Ўхшаши йўқ”, “Акс таъсири жуда кам”, “Оғриқни унутасиз”, “Бутун оила учун”, “Ноёб таркиб” каби сўзлардан фойдаланилади. Ваҳолангки, бундай жумлалар реклама қилинаётган маҳсулотни бўрттириб, рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган реклама ҳисобланади.

Ўз навбатида, юқорида таъкидлаб ўтилган дори-воситалари рекламасига доир талабларни бажармаслик – рекламага доир талабларни бузилиши ва нотўғри реклама берганлик сифатида, реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи юридик ва жисмоний шахсларни тегишли жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Манба

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech