Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Жорий йилнинг 10-17 январь кунлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Сингапур давлатида ташриф билан бўлди.

Ташриф аввалида агентлик директорининг биринчи ўринбосари Улуғбек Эгамов дори воситаларини клиник ва клиниколди ташхисларини амалга оширишда, сифати, хавфсизлиги, фармакологик хусусиятларини аниқлашда, дори воситалари ишлаб чиқариш технологиялари йўналишида юқори тажрибага эга бўлган йирик компания - “AESCULAPE CRO” клиник тадқиқотлар илмий институти раҳбари Жан Пол Деслипере билан учрашди. Олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида халқаро GLP стандартларига асосланган клиник тадқиқотлар ўтказиш қўшма марказини ташкил қилиш бўйича қиймати 5 млн. АҚШ долларига тенг инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича Келишув битими имзоланди.

Ҳозирги кунда 9 давлатда ўз фаолиятини олиб борувчи “AESCULAPE CRO” илмий институти ҳамда агентлик хузуридаги Тошкент вакцина ва зардоблар илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил қилинувчи мазкур марказ Ўзбекистонда дори воситаларининг клиниколди ва клиник тадқиқотларини ўтказиш, ушбу йўналишда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишларида фаолиятини амалга ошириши, шу билан бирга “Зарур лаборатория амалиёти” (GLP) халқаро стандартини жорий этиш соҳасида экспертларни тайёрлаши кутилмоқда.

Ташриф давомида, шунингдек, Сингапур давлатига сифатли дори воситаларини етказиш занжирига эга бўлган “Alliance Pharm” йирик дистрибьюторлик маркази вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. АҚШ, Япония, Европа мамлакатлари, Жанубий Корея, Австралия каби давлатлар билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйган, GDP сертификатига эга бўлган мазкур компания билан сифатли ва долзарб дори воситаларини Ўзбекистонга жаҳон стандартларига мос тарзда етказиб бериш занжирини ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.

Осиё-Тинч океани минтақасидаги йирик қурилиш корпорацияси таркибига кирувчи, инфратузилма ва саноат корхоналарини қуришга сармоя киритиш билан шуғулланувчи “CPG International” компанияси вакиллари билан ҳам учрашилди. Хитой, Малайзия, БАА, Қатар, Саудия Арабистони каби 30 та давлатда инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи “CPG International” компанияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Сингапур” инвестиция компанияси ташкил этиладиган бўлди. Мазкур компания билан онкологик касалликларга, марказий асаб тизимининг бузилишларига ва бошқаларга қарши курашиш учун Илдиз ҳужайралари асосида дори воситалари ишлаб чиқарувчи биофармацевтика комплексини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқишга қарор қилинди. Ҳамда қиймати 100 млн. АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳани хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилди.

Лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши онкологик касалликларни даволаш, кўмик тўқималари трансплантологияси, марказий асаб тизими ҳужайраларини тиклашда қўлланиладиган илдиз ҳужайраларини ишлаб чиқариш имконини яратади.

Сингапур давлатида олиб борилган музокаралар натижаси ўлароқ нуфузли Осиё муҳандислик компанияларидан бири бўлган “Meinhardt Group” билан ҳамкорликда Лойиҳалаштириш ва инжиниринг маркази ташкил этиладиган бўлди. Мазкур марказ билан қиймати 49 млн. АҚШ долларига тенг бўлган Иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқарувчи фармацевтика корхонасини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда бу лойиҳани хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилди.

Лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши натижасида импорт ўрнини босувчи вакциналар, анатоксин, фаг, пробиотик ва эубиотиклар, иммуноглобулин ва бошқа иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Ташриф чоғи, шунингдек, Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кўплаб соҳалардаги корхоналарга минтақавий ва халқаро бизнесни бошлаш, ривожлантиришда кўмаклашувчи, маркетинг хизматларини кўрсатувчи “S.E.A. Business Centre Pte Ltd” компанияси бош инвестицион директори Руди Фанг билан  учрашув ўтказилди. Компания Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга ҳамда Фармацевтика Техник университети билан малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Компания билан Агентлик ҳамда Сингапур ҳамда унинг қўшни давлатларидаги етакчи фармацевтика корхоналари билан яқиндан алоқа ўрнатишда, улар билан музокаралар ташкил этишда амалий ёрдам бериш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди ҳамда Англашув меморандуми имзоланди.

Ташриф давомида Агентлик делегацияси вакиллари “Ўзбекистон-Сингапур бизнес форуми”да ҳам иштирок этди. Форумда Агентлик директорининг биринчи ўрибосари Улуғбек Эгамов томонидан “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида тақдимот намойиш қилинди. Ҳамда хорижий компаниялар вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech