Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

«Kosher Food» МЧЖга берилган лицензиянинг амал қилиши тугатилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятга қарши курашиш департаменти ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар худудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўтказилган текширувлари натижасига кўра Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган «Kosher Food» МЧЖга тегишли дорихонада республика сертификатлаштириш идоралари томонидан мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган айрим дори воситаларининг ноқонуний савдоси аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар худудий бўлинмасининг «Kosher Food» МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2019 йил 12 апрелда берилган TN 1170-рақамли лицензиянинг амал қилишини тугатишни сўраб Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг 2021 йил 20 октябр кунидаги 4-1001-2127/37946-сонли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва «Kosher Food» МЧЖга дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши тугатилди.

Маълумот учун, “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 284-сон 12.05.2017)га асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш - фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Мазкур низомга мувофиқ, Лицензияловчи орган қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги, шу жумладан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархини белгилаш тартиби қўпол равишда бузилганлиги оқибатида лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган дорихона, дорихона филиалининг манзиллари реестри ва ходимлари реестрини шакллантиради ҳамда ушбу Низомнинг 55-бандида кўзда тутилган манзиллар реестри ва ходимлар реестрига киритилган маълумотлар улар киритилган вақтдан эътиборан уч йил давомида сақланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш 
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech