Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган дорихонага чора кўрилди

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан келиб тушган маълумотга асосан Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани Чўпонота кўчаси, 10-Б-уй 13-хонадон манзилида жойлашган "Nurjahon-farm-plus" МЧЖга қарашли дорихонада конунга хилоф равишда дори воситалари сотилаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган ва тадбир натижасига кўра "Зардекс" 459 дона, "Регапен" 37 дона ва "Тропикамид" 27 дона дори воситалари борлиги аниқланиб, ҳолислар иштирокида баённома расмийлаштирилган.

Маълумот учун, ушбу дори воситаларига республика сертификатлаштириш идоралари томонидан мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлиги аниқланган. Шу боис, мазкур дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш, фойдланиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш таъқиқланган.

Юқоридаги ҳолат бўйича Тошкент шаҳар фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмасининг "Nurjahon-farm-plus" МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 2021 йил 19 мартда берилган ТN 302-рақамли лицензияни бекор қилиш ҳақида Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган даъво аризаси суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилди ва "Nurjahon-farm-plus" МЧЖга дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Эслатиб ўтишимиз жоиз, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январдаги "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 23-моддасига кўра, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш таъқиқланиши белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги 818-сонли қарори билан тасдиқланган кучли таъсир килувчи дори воситалари рўйхатига кирган дори воситаларининг чакана реализацияси (сотиш) фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган дорихоналар ва ижтимоий дорихоналар орқали амалга оширилиши белгиланган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги барча тадбиркорлардан дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга ҳилоф равишда сақлаш ва реализация қилмасликка чақириб, аҳолининг соғлигини сақлашни таъминлаш ҳамда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда бирга ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлайди!

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech