Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

"Кушербаевга мурожаат" телеграм каналида эълон килинган мурожаатга расмий муносабат

"Кушербаевга мурожаат" телеграм каналида эълон килинган "Яна дори муаммоси: 200 минг сўмлик дори 850 минг сўм сотилаяпти" номли мурожаат юзасидан расмий муносабат.

Жорий йилнинг 5 август санасида телеграмдаги "Кушербаевга мурожаат" каналида қуйидаги пост эълон қилинди:

"Ассалом алайкум! Расул ака биз Миастения касаллиги билан оғриганмиз. Биз ичадиган дори олдинлари 200000 атрофида турарди. Ҳозир 850000 дан сотишяпти. Шунга кўпчилик қийналишяпти кимга мурожат килса бўлади бу масалада".

Ушбу мурожаат юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ-2647-сон Қарорининг 1-бандига мувофиқ, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

(Маълумот ўрнида, дорихона томонидан турли дистрибьютерлардан ва ишлаб чиқарувчилардан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сони ҳамда миқдорига қараб хар ҳил улгуржи нархларда харид қилиниши, уларнинг чакана сотувдаги нархлари тафовутига сабаб бўлиши мумкин.)

Хўш, юқоридагилардан келиб чиқсак оддий фуқаро дорихонада дори воситаларининг нархлари асоссиз оширилганини қандай аниқлаши мумкин ва бу масалада қайси ташкилотга мурожаат қилиши лозим?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомга кўра, сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши лозим.

Агарда харидор дорихоналар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартибини бузилиши ва асоссиз равишда нархлар оширилганига дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг 1159 ишонч телефонига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 71-233-1007 ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 мартдаги ПҚ-4662-сон қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар, энг зарур товарлар нархлари устидан кунлик мониторинг ўтказишни таъминлаш ҳамда уларнинг нархларини сунъий ошириш, сунъий танқислик ва юқори талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатиши белгиланган.

Хурматли юртдошлар! Давлат рўйхатидан ўтган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг сифатсиз, белгиланган талабларга номувофиқ ишлаб чиқарилган, нуқсонли ҳолатлари юзасидан эътирозингиз бўлса Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг @uzpharmagency_bot алоқа ботига ёки (71) 2340604 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шу ўринда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализацияси билан шуғуллунувчи тадбиркорлик субъектларини дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда уларнинг нархини давлат томонидан тартибга солишнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслиги лицензиянинг амал қилишини тугатишга олиб келадиган лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиши ҳақида огоҳлантиради.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech