Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Мен дорихонада яқинда иш бошлаган эдим. Рецепт билан бериладиган дори воситалари ҳақида қаердан маълумот олсам бўлади?

Мен дорихонада яқинда иш бошлаган эдим. Рецепт билан бериладиган дори воситалари ҳақида қаердан маълумот олсам бўлади? Рецепт билан бериладиган дориларни рецептиз сотиш мумкин эмасми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда тасдиқланган "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 12 ноябрдаги 96-сон буйруғи билан "Рецептсиз бериладиган дори воситалари" рўйхати (рўйхат рақами 3200-сон 06.12.2019) тасдиқланган.

Мазкур рўйхат 1224 позициядан иборат бўлиб, улардан:

▪️ Монопрепаратлар - 192 та
▪️ Мажмуавий препаратлар - 1032 та

Изоҳ: Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ва дорихоналардан шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларига ушбу рўйхатга киритилган дори воситаларининг худди шу таркибдаги таъсир қилувчи моддалари ва дори шаклига, дозасига эга бўлган дори воситалари ҳам киради.

Шунингдек, дори воситаларининг ўрамлари, тиббиётда қўлланишига доир йўриқномалари, илова-варақаларида кўрсатилган дори воситаларини беришда, бериш тартибидан қатъи назар, ушбу рўйхатга амал қилиниши керак.

Эслатиб ўтаман, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Булардан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 49-бандига кўра:

Мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) рецепт асосида бериладиган ҳамда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартибининг бузилиши лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади!

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech