Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

“Мухбир Далиев” ва "Олтин воҳа" телеграм каналида билдирилган фикрлар юзасидан расмий муносабат

“Ўзфармагентлиги деган ташкилот борми ҳалиям?  Дори-дармонлар устида миллат курашиб ётганда улар нима маишат билан юришибди экан? Фармацевтикамиз қай аҳволда, нималар бўлаяпти, сиз нима қилаяпсиз, бу ташкилот нега ишлаяпти ўзи, сингари саволлар бор ичимда. Шу ташкилотдаям кимдир матбуот котиби бўлиб ишласа керак. Кимдир шу ишни дўндираяпман деб ойлик олса керак бетимни қаттиғи, жонимни ҳузури деб. Лекин, забон йўқ, фаоллик йўқ. Уялмайсанми, дейдигон одам йўқ”

“Мухбир Далиев” телеграм каналида Aндижон вилояти Aсака туманидаги дори воситаларининг нархи қимматлигидан қилинган мурожаатга “Олтин воҳа” телеграм каналида юқоридаги пост орқали муносабат билдирилган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Мухбир Далиев” телеграм каналидаги мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2647-сонли қарорида, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон Қарори  билан тасдиқланган, "Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида"ги низомга кўра, сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши лозим.

Шунингдек, агарда, фуқаролар дорихоналар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда оширилган ҳолатларга дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 декабрдаги ПҚ-4554-сон қарорига мувофиқ, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими йўлга қўйилган бўлиб унга кўра, дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун қайд этилган чекланган нархлар ва уларга чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана нархларнинг электрон (онлайн) реестри юритилмоқда.

Хорижий дори воситаларига белгиланган чекланган нархлар тўғрисидаги (2020 йил 29 сентябр ҳолатига) маълумотлар билан бу ерда танишишингиз ва юклаб олишингиз мумкин.

“Олтин воҳа” телеграм каналида Фармацевтикамиз қай аҳволда, нималар бўлаяпти, сиз нима қилаяпсиз, бу ташкилот нега ишлаяпти ўзи, сингари саволлар бор ичимда” - деб ёзилган гаплар бўйича @vohamuxbirBOT га мурожаат қилиб, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, унга юклатилган вазифалар ва ҳуқуқлардан келиб чиқиб амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бермоқчи эдик, "Панада юрмай, ўзфарм шу кунларда нима иш қилаётганини ёзинг" - дея жавоб беришди.

 

“Шу ташкилотдаям кимдир матбуот котиби бўлиб ишласа керак. Кимдир шу ишни дўндираяпман деб ойлик олса керак бетимни қаттиғи, жонимни ҳузури деб. Лекин, забон йўқ, фаоллик йўқ. Уялмайсанми, дейдигон одам йўқ” каналдаги бу фикларга келсак, маълумот ўрнида айтиб ўтишимиз жоизки, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 678-сон қарорига асосан ташкил этилган. Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан Aгентликнинг ижтимоий тармоқларда, жумладан, youtube, facebook, twitter, instagram да ўз расмий саҳифалари ва телеграм мессенжерида расмий канал фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, Жамоатчилик билан муносабатда бўлиш, улар томонидан бериладиган саволларга жавоб бериш мақсадида t.me/uzpharmagency_bot платформаси орқали йўлланган мурожаатларга мутахассислар томонидан мунтазам равишда жавоб бериб келинмоқда.

Булардан ташқари Aгентликнинг веб-сайтида ҳам соҳага оид янгиликлар, қонунчиликдаги барча норматив ҳужжатлар доимий ёритиб борилмоқда.

Шу ўринда, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Олтин воҳа” телеграм каналини, Агентликка юклатилган ваколат доирасидаги вазифалар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасдан ҳиссиётга берилиб, Aгентликнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатмасликка чақиради.

Ҳурматли юртдошлар!

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгилик ва хабарларни ўз вақтида Сизга етказиш билан бирга, аҳоли билан доимий мулоқот ўтказишга тайёр эканлигини маълум қилади. Соҳага оид Сизни қизиқтирган саволлар, таклиф ва мулоҳазалар бўлса, шахсингиз ҳақидаги маълумотларни илова қилган ҳолда телеграмдаги қуйидаги @uzpharmagency_bot манзилимиз орқали мурожаат этишингиз мумкин.

Албатта, ҳар бир мурожаатга эътибор қаратилиши, тегишли мутахассислар томонидан жавоблар берилиши таъминланади.

Биз билан боғланиш: (71) 203-81-81

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech