Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Навоийлик тадбиркор Хитойдан 523 дона кислород концентратори олиб келди

Божхона органлари томонидан ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида экспорт-импорт операцияларини жадаллаштириш, божхона расмийлаштируви жараёнларини максимал даражада соддалаштириш, карантин талабларига тўлиқ риоя этган холда божхона назоратини тез фурсатларда амалга ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Навоий вилоятида жойлашган маъсулияти чекланган жамият томонидан Хитой давлатидан умумий қиймати қарийб 90 минг АҚШ долларига тенг бўлган 523 дона кислород концентраторлари,  22 000 дона махсус химоя ниқоблари, 520 дона харорат ўлчаш ва 3 000 дона қон босимини ўлчаш қурилмалари олиб келинди. Бу ҳақда Навоий вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.

Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли фармони ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа нормаларга асосан божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилиб, соддалаштирилган тартибда қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказилди ва тадбиркор ихтиёрига топширилди.

Ушбу товарларга нисбатан божхона тўловларидан жорий этилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш орқали тўланиши лозим бўлганидан 8 баробар кам божхона тўловларини тўладик. Яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз. Шунинг учун ҳам яна 2 та партияда тиббий жиҳозларни сотиб олдик ва тез орада олиб келиб, аҳолига етказиб берамиз.” дейди корхона раҳбари.

Дарҳақиқат, инсон саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатимизда жадаллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бу борадаги вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунинг исботини эса божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар ҳамда божхона расмийлаштирувидаги процедураларни соддалаштириш орқали аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотларни ўз вақтида етиб боришига эришилаётганида кўришимиз мумкин.

Бугун пандемия шароитида ҳар бир касб эгаси ўз фидойилигини намоён этиши зарур. Зеро халқимиз саломатлиги биз учун энг катта бойлик ҳисобланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech