Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Нурофшондаги “Дегантепа” да “ROSSА” корхонаси тиббий лаборатория анжомлари ишлаб чиқаришга шай

Ахборот ва коммуникациялар агентлиги ва Тошкент вилояти хокимлиги хамкорлигида журналист ва блогерлар учун Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жойлашган “ROSSА” корхонасига пресс-тур ташкил қилинди.

Айтиш жоиз, Тошкент вилоятида ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида умумий қиймати 4025,1 миллиард сўмга тенг бўлган 636 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. 13 минг 334 та янги иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар барча дастурлар ва қўшимча лойиҳалар ҳисобига жами 983 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 15,1 триллион сўмлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Бунинг натижасида 24,8 минг нафардан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилиши кўзда тутилаяпти.

Нурафшон шаҳрининг “Дегантепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “ROSSА” корхонаси тиббий лаборатория анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, сифатли тиббий лаборатория анжомлари ва маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ушбу йўналиш бўйича шуғулланиш истагида бўлган тадбиркорларга имконият ва имтиёзлар жорий этилаётгани ҳамда кўплаб инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилаётгани ўз самарасини бераётир.

Бугунги кунда корхонада 28,6 минг ПЦР тест ишлаб чиқарилмоқда. Корхона тўлиқ қувват ишга туширилса, йилига 120 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Корхонага замонавий технологияларни жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган зарур жиҳозлар ва асбоб-ускуналар Европа, Хитой ва Россия давлатларидан олиб келинган. Корхонада ҳозир 100 та янги иш ўрни яратилди.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу асосда бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини, шунингдек, аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш ишларини яхшилаш, пировардида халқимизнинг тиббий хизматдан рози бўлишига эришиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ҳудудда амалга оширилаётган бу каби янги лойиҳалар катта валюта маблағлари эвазига импорт қилинаётган тиббий ускуналар ўрнини тўлдириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли жиҳозлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech