Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

"Obecalp" хапдориси, ўзида йўқ касалликларни ўйлаб топганлар учун қўлланилади(ми)?

Америкалик шифокорлар бир оз мазаси қочганида болаларга "Obecalp" дея аталувчи чайналадиган ширин ҳапдориларни буюришар экан. Дори деб атаётганимизнинг фаол моддаси эса – оддий шакар (глюкоза)дан иборат.

Шакардан таркиб топган "Obecalp" дори воситасининг даволовчи эффекти қандай эканини билиш учун унинг номини тескарисига ўқиб кўринг– Placebo (Плацебо). Аслида ҳеч қанақасига дори бўлмаган "Obecalp" 1998 йилда австралиялик шифокор Майкл Акстенс (Michael Axtens) томонидан ишлаб чиқилган.

Аммо унга бундай номни Акстенс бермаган. Placebo сўзини тескари тартибда ёзишни айнан америкаликлар, аниқроғи Мэрисвилль (Marysville, Калифорния) шаҳри тез ёрдам шифокорлари ўйлаб топишган. Улар "Obecalp" дори воситасини барчага эмас, балки ўзида йўқ касалликларни ўйлаб топиб, қайта-қайта тез ёрдам чақираверадиган беморларга ёзиб беришади.

Мазкур рецептга кўра, бемор 12 ой мобайнида ҳар куни биттадан “Obecalp №3” таблеткасини қабул қилиши керак. Ана шунда чақириқ орқали келган кейинги шифокор ўзидан олдинги фельдшерлар тавсияларини ўрганиш чоғида “Obecalp № 3” дори воситасини кўриб, дарров тушуниб олишади: бу бемор аслида касал эмас, хасталигини ўзи ўйлаб топган. Шундан келиб чиқиб беморга керакли “терапия” қўлланилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech