Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон олимлари коронавирусга қарши қандай восита топди? “Биз нега доим ўзга юрт олимларидан умидвор бўламиз?!” номли мақолага расмий муносабат билдирилди

Илм йўли, олимлик ғоят машаққатли ва оғир йўл. Азалдан бежизга илм ўрганишни “игна билан қудуқ қазиш”га тенглаштирилмайди. Бирор соҳада янгиликка интилишга тўғри келса, ривожланган мамлакатлар тажрибасини мисол қилиш одат тусига кирди. Албатта, илм-фан соҳасида ҳам муваффақиятга эришган давлатларда уни амалиётга тадбиқ этиш осон кечмаслиги кузатилади. Бирор нарсани кашф қилиш, яратиш учун олим йиллар давомида изланади. Шу иш учун бутун умрини бағишлайди.

Юртимизда айни пайтда кечаётган синовли кунлар – пандемия пайтида турли ахборотлар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳар куни, ҳар соатда чоп этиляпти. Бу тезкорлик, аҳолини янгиликлар билан хабардор қилишда жуда қулай саналмоқда. Албатта бу ахборотлар орасида турли жабҳаларда содир бўлган камчиликларни жамоатчилик ва мутасаддилар эътиборига олиб чиқиб, ҳал бўлишига эришилаётган танқидий материаллар ҳам кўп. Аммо ҳар бир танқидлар далилларга асосланган бўляптими? Йўқ. Афсуски, ҳозир ахборот тарқатиш борасида баъзи нопрофессионалликлар мавжуд, ахборот истеъмолчиларида ҳам ишончли, холис ахборотни қабул қилиш кўникмаси шаклланиб улгурмади.

Масалан, жорий йил 23 июль куни platforma.uz сайтида “Биз нега ўзга юрт олимларидан умидвор бўламиз?!” номли мақола чоп этилди.

Мақолада “Илм билан ечилиши зарур бўлган қандайдир глобал масала юзага келганда, нега бизнинг олимларимиз доим парда ортида қолади?” дея таъкидланган. Биринчидан, бугун коронавирус балоси бутун дунё аҳолисини қийнамоқда. Энг ривожланган давлатлар, халқаро ташкилотлар, энг тажрибали олимлар бу офатга қарши курашмоқда. Уни йўқ қилиш, енгиш йўлларини қидирмоқда. Бу глобал муаммо. Бахтга қарши коронавируснинг аниқ давоси топилмади.

Иккинчидан, бу вазиятда ЎзР ФА тегишли олимлари бефарқ қараб турганича йўқ. Жумладан, “Янги биологик фаол бирикмаларнинг COVID-19 вирусига қарши таъсири синовдан ўтказилмоқда” номли мақола эълон қилинди. Унда соҳа олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳақида хабар берилди. Ўзбек олимларининг кўп йиллик изланишлари натижасида яратилган «Рутан» препарати SARS-CoV-2 вирусини гидролаза орқали ингибирлаш даражаси 78,3% тенг экани аниқланди. ФА расмий сайтида эълон қилинган мақолада бу ҳақда батафсил маълумот келтирилди. Бошқа ОАВлар орқали олимларимиз чиқишларида ҳам бир неча бора таъкидланди. Мақола муаллифи учун яна алоҳида келтириб ўтиш мумкинки, ушбу препарат тўлиқ маҳаллий табиий моддалардан иборат. Ножўя таъсирлари аниқланмаган. Воситанинг токциклик даражаси ниҳоятда паст. Айни шу сабабли вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа дори воситаларига нисбатан даволаш самараси юқори ҳисобланади.

ФА тегишли соҳа олимлари албатта бу билан чекланиб қолмасдан, мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланиб, коронавирусга қарши кураш борасида тадқиқотларни давом эттиришмоқда. Улар томонидан COVID-2019 РНКсини ажратиш диагностик тўплами ишлаб чиқилди.

Глобал муаммо бўлган коронавирусга қарши кураш йўлидаги ўзбек олимларининг илмий изланишлари ТВ, радио, матбуот ва интернет нашрларида ҳамда ФА расмий сайтида мунтазам эълон қилиб борилади.

Қолаверса, ФА таркибидаги барча илмий-тадқиқот муассасаларида бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар тўғрисида тизим фаолияти билан қизиқувчи ҳар қандай киши Академиянинг расмий сайтида доимий танишиб боришлари мумкин.

Мамлакатимизда ўтган 20 йилдан ортиқ вақт давомида илм-фан, илмий-тадқиқот муассасалари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, соҳага бўлган эътибор, рағбат етишмаслигидан билимли кадрлар хорижга кетгани кўпчиликка маълум. Бироқ, ФА тизимидаги муассасаларда фидоий мутахассислар, олимлар жуда кўп. Юқоридаги каби саъй-ҳаракатлар бунга бир мисол. Қувонарлиси, сўнгги 2-3 йил ичида олимларимиз учун керакли шароитларни яратишга алоҳида эътибор қилина бошланди. Соҳанинг моддий аҳволи яхшиланиб, уни ривожлантириш масаласи ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилди. Бу йўлда амалий ишлар қилина бошланди. Илмий-тадқиқот институтлари моддий-техник базаси, лаборатория жиҳозлари янгиланмоқда ва бу жараён давом этмоқда. Давлат миқёсидаги илм-фанга бўлган эътибор ўз самарасини бериши бир қанча вақт талаб қилиниши ҳам табиий. Зеро, ҳеч қачон бугун экилган дарахт бугуноқ мева бермайди.

ЎзР ФА Ахборот хизмати

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech