Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 июлдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради. Daryo.uz нашри мамлакатда кучга кирадиган асосий ўзгаришларни тақдим этди.

Пенсия ва нафақалар оширилади

Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади. Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга етказилади.

Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси:

▪️ олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади;
▪️ олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
▪️ нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилади.

Фуқароларга СТИР бериш бекор қилинади

Давлат органлари, ташкилотлар ва муассасалар томонидан аҳолидан солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги (СТИР олганлик) тўғрисидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Ишга қабул қилиш жараёнида жисмоний шахсларнинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини солиқ органидан мустақил равишда ёки «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиш лозим.

Кўп квартирали уй-жойларда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилади

Мамлакатдаги кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади. Шунингдек, ҳар бир кўп квартирали уй-жой учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилиши шарт.

Боғча очадиган тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилади

Ушбу мақсадларга давлат ҳисобидан 238 миллиард сўм маблағ ажратилади. Оилавий боғчалардаги болалар сонини 25 нафардан 50 нафаргача ошириш ва 4 нафаргача ходим ёллашга рухсат берилади.

Давлат органлари ва ташкилотлар Очиқ маълумотлар порталига тегишли маълумотларни жойлаб боради

Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига («data.gov.uz»), давлат органлари ва ташкилотлари веб-сайтларига жойлаштирилиб, ҳар чоракда янгилаб борилади:

▪️ амалга оширилган давлат харидлари;
▪️ мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;
▪️ Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар;
▪️ ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси.

Нодавлат таълим ташкилотлари давлат томонидан қўллаб-қувватланади

2024 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

▪️ ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);
▪️ таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни (иш ва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган имтиёзлар (қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи бўйича) татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.

Дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан, ёзги таътил вақтида қуйидаги давлат мулки объектлари нодавлат таълим ташкилотларига ижарага берилади:

▪️ мактабдан ташқари таълим курсларини, шунингдек, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва ОТМ бўш майдонлари;
▪️ аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфлари.

Шунингдек, аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотлари томонидан жалб қилинган ўқитувчилар иш ҳақи харажатларининг бир қисми ойига БҲМнинг 6 баробаригача (1,47 миллион сўмгача) миқдорида 2024 йил 1 январга қадар компенсация қилинади.

Барча маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилинади

Республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида «E-qaror» электрон тизими жорий этилади. Ушбу электрон тизимни четлаб ўтган ҳолда қарор ва фармойишларни қабул қилишга йўл қўйилмайди ва қарорларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш электрон тизим орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда 24 та туман (шаҳар) қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳудудларга айланади

Республикадаги 24 та туман (шаҳар) қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади ва уларда «кичик саноат зоналари» ташкил этилади. Тегишли материалларни ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида, шу жумладан, айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар берилади.

Паррандачилик соҳасида давлат субсидиялари берилади

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.

Тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар учун ажратилаётган кредит бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан:

▪️ омихта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми;
▪️ паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Давлат органларида хизмат автотранспортлари давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.