Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Мустақиллик йилларида маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ўрни ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Тадбир Парламентнинг қуйи палатаси Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари, экспертлар ва мутахассислар иштирок этишди.

Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган давра суҳбатида аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида маҳаллий фармацевтика корхоналарининг фаолияти, ютуқ ва муаммолари, ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида таъкидланганидек, юртимизда аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилашга қаратилган 45 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида тармоқда сезиларли ютуқларга эришилди, жумладан, Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига кирди.

Сўнгги беш йилда маҳаллий фармацевтика бозорида ижобий натижалар кузатилди. Чунончи, 2017 йилда 1,4 триллион сўмга яқин миқдорда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда 2,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Маҳсулотлар ҳажми ўртача 2 баробар ўсиб, дори воситалари ва тиббий буюмлар 1,2 миллиард шартли бирликдан ортиқни ташкил қилди.

2017 йилда республикамизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 149 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 220 тани ташкил этмоқда.

Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сони 3 532 тага етказилди. Жумладан, “Асосий дори воситалар рўйхати”га киритилган 461 та дори воситасининг 44 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган.

Тадбирда соҳанинг бу борадаги муаммолари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган дори воситаларини маҳаллийлаштириш, маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқаришни янаям кенгайтиришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech