Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 22 июнь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган ушбу йиғилишда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойитилгани таъкидланди.

Олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши изчил таъминланаётгани қайд этилди. Вазирлик ва идоралар ўртасида фаол мулоқот олиб борилмоқда, ўзаро ташрифлар ташкил этилиб, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари аниқланмоқда.

Ушбу муносабатлар фаоллиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига кутилаётган давлат ташрифи кун тартибининг амалий мазмунига ҳам ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.

Ҳукуматлар раҳбарларининг фикрича, Ўзбекистон билан Россия ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик барқарор ривожланиб келмоқда.

Пандемияга қарамай, йил бошидан буён ўзаро савдо ўсиши таъминланди. Жорий йилнинг ўтган даврида савдо айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга ошди.

Икки мамлакат президентлари ҳукуматлар раҳбарларига яқин келажакда савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйганлиги қайд этилди. Бундай натижага фақат ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига чиқишига кўмаклашиш бўйича изчил амалий чораларни кўриш орқали эришиш мумкин.

Россия Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлардан бири эканлиги ҳам билдирилди.

Россия компаниялари ва банкларининг инвестициялари Ўзбекистоннинг энг истиқболли тармоқлари - нефть-газ соҳаси, тоғ-кон, энергетика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа соҳаларга йўналтирилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда Россия капиталига эга 2 мингдан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.

Тадбирда, шунингдек, транспорт, таълим, тиббиёт, ташқи меҳнат миграцияси ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама шерикликни изчил ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech