Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси аъзолари, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров ва бошқалар иштирок этди.

Йиғилишни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков очиб берди ва 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури лойиҳасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ва тиббиёт соҳасида назарда тутилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ижроси юзасидан гапириб ўтди. Шунингдек, халқимизнинг замонавий тиббий хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш, тиббиёт ютуқларидан инсон саломатлиги йўлида оқилона фойдаланиш, тиббиёт тармоғидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича маълумот берди.

Пандемия даврида давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлашга қаратилган бир қатор имтиёзлар берилди. Бевосита бу ишларни давоми сифатида жорий йилнинг 12 октябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан 721-сонли янги қонун имзоланди. Унга кўра “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиб, тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ва улгуржи сотиш учун лицензия олиш бекор қилинди.

Буларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганидан, Ўзбекистон Республикасида тиббий асбобускуналар ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш кўпайишини рағбатлантираётганидан далолатдир.

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров ўзаро ҳамкорликдаги вазифалар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб, бугунги имзоланаётган ҳамкорлик меморандуми ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ва техника соҳасида кўп йиллар хизмати ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ фаоллар, яъни тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Фазилов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари Дилшод Шоумаров, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Аскар Туҳтаевлар Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш ва етказиб берувчилар уюшмаси томонидан жорий этилган "Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ва техника соҳасида кўп йиллар хизмат ва соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун" эсдалик нишони билан тақдирланди.

Йиғилиш сўнггида Ўзбекистон тиббиёт асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар уюшмаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси, Самарқанд давлат тиббиёт институти ўртасида хамкорлик Меморандум имзоланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш 
агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech