Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон ва Қирғизистон: яқин қўшничилик алоқалари ҳар жабҳада ўз аксини топмоқда

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро қўшничилик алоқалари сезиларли равишда фаоллашди. Умумий саъй-ҳаракатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ҳар томонлама мустаҳкамлашига ва янада ривожланишига замин яратмоқда. Ва бу ҳар жабҳада ўз аксини топмоқда.

Куни кеча Қирғизистоннинг www.tazabek.kg янгиликлар сайти тарқатган хабарга кўра, 2020 йилда ушбу давлатга фармацевтика маҳсулотларининг энг катта ҳажмини айнан Ўзбекистон импорт қилган – 2752,1 тонна. Иккинчи ўринда, Ҳиндистон – 946,4 тонна ва сўнгра Хитой – 857,3 тонна.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 207 та корхоналар томонидан 3 542 турдаги дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Шундан 20 дан зиёд ишлаб чиқарувчилар, жумладан “Asklepiy-Svift” МЧЖ ҚК, “Elastikum” МЧЖ, “Fazo-Luxe” МЧЖ, “Baxtteks-Farm” МЧЖ, “Dentafill Plyus” МЧЖ, “Nikapharm” МЧЖ, “Jurabek Laboratories” МЧЖ ҚК, “Uzgermed” МЧЖ ҚК ва бошқалар томонидан Қирғизистон Республикасига 64 турдаги тиббий буюмлар ва 154 турдаги дори воситалари экпорт қилинади.

2020 йилда Ўзбекистон фармацевтикасининг Қирғизистонга экспорти 6,3 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсган (2,4 миллион АҚШ доллари).

2021 йилнинг январь-февраль ойиларида эса Қирғизистон Республикасига 10 та фармацевтик корхоналар томонидан деярли 600 минг АҚШ доллари қийматига тенг фармацевтика махсулотлари экспорт қилинган. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси томони Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Республикалари Ҳукуматлари ўртасида “Дори воситалари ва тиббий буюмлар соҳасига оид ҳамкорлик битими” лойиҳасини таклиф қилган.

Ҳозирда ушбу ҳужжат лойиҳаси икки давлатнинг манфаатдор вазирлик ва идоралари томонидан кўриб чиқилаётган бўлиб, унинг имзоланиши Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларининг экспорт ҳажмини камида 25% га ўсишига, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фарамацевтик маҳсулотларнинг Қирғизистон бозорига осон киришига имконият яратади, ва ўз ўрнида, давлатларимиз сифатли ва арзон дори воситалари билан  таъминланади.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг 30 турдаги дори воситаларини Қирғизистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан рўйхатга олиш жараёни олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қирғизистон Республикасида қўшма корхона ташкил этиш таклифи билан чиққан. In-bulk шаклида дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни мақсад қилган мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши Қирғизистон фармацевтика ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг Европа Иттифоқи ҳудудига экспорт қилиниши имкониятини яратади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech