Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Ўзбекистон-Венгрия: фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди

Жорий йилнинг 16 феврал куни Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Венгрияга ташрифи бошланди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация таркибига вазирлик ва идоралар раҳбарлари кирди.

Ташрифнинг биринчи кунида ҳукумат делегацияси таркибига кирган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев Дебрецен шаҳрида Дебрецен университети ректори ҳамда “PHARMAPOLIS” инновацион фармацевтика кластери вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Сардор Кариевнинг сўзларига кўра, фармацевтика клатери вакиллари билан учрашув якунлари бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “PHARMAPOLIS” инновацион фармацевтика кластери ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

-Ушбу Меморандум ўзаро манфаатли масалалар бўйича фармацевтика соҳасида маълумотлар алмашинувини, тадқиқотлар ўтказиш ва икки мамлакатнинг таълим муассасалари ва ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мутахассислар малакасини ошириш ва тажриба алмашишни назарда тутади. Шунингдек, қўшма семинарлар ва илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш ҳам шулар қаторидандир, - деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори.

Сардор Кариев кластер ва университет фаолияти билан яқиндан танишиб, у ердаги лабораторияларнинг иш жараёнини атрофлича ўрганди. Ташриф якунлари бўйича Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Томонлар имзоланган Меморандум асосида Дебрецен университетининг фармацевтика ва тиббиёт факультетлари филиалларини Ўзбекистонда очиш масаласи бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни имзолашга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech