Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Пандемия даврида аҳолининг талаби ошган ва дорихоналардан топишимиз қийин бўлган "КУРАНТИЛ N25" дорисини инстаграм ва бошқа ижтимоий тармоқларда бемалол реклама қилиб сотишмоқда. Бу вазиятни кимдир назорат қиладими?

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-723-I-сон "Реклама тўғрисида"ги Қонуни 22-моддасига кўра:

Дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт:

➖ дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи;
➖ дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот.

Қуйидагиларни реклама қилиш тақиқланади:

▪️ фақат шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари;
▪️ таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситалари;
▪️ Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланишга рухсат берилмаган дори воситалари.

Мазкур Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ:

➖ қонунийлик,
➖ аниқлик,
➖ ишончлилик,
➖ рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир.

❗️Мажбурий сертификатлаштирилиши зарур бўлган ёки ишлаб чиқарилиши ёхуд реализация қилиниши учун махсус рухсатнома (лицензия) бўлиши талаб этиладиган маҳсулотни тегишли сертификати, лицензияси бўлмай туриб реклама қилиш тақиқланади.

Саволингизга келсак, "КУРАНТИЛ N25" дори воситаси рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати (рўйхат рақами 3200-сон 06.12.2019) да мавжуд эмас. Яъни шифокор рецепти билан бериладиган дори воситаси ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, бу дори воситаси қонунга зид равишда реклама қилинган бўлиши мумкин. (Рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Монополияга қарши курашиш қўмитаси қабул қилади)

Қонунга зид равишда берилган реклама ҳамда дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида сотганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, ушбу реклама юзасидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 402-сон қарорига мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини ташкил этиш - Монополияга қарши курашиш қўмитаси вазифаси эканлигини эслатиб ўтамиз.

Манба

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech