Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Пойтахтимиздаги "Hyatt Regency Tashkent" меҳмонхонасида Ўзбекистон – Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида форумга ташриф буюрди ва иштирокчиларга омад тилади.

Бизнес форумда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Бизнес-форум илк бор ва айнан Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ўтказилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу ташриф ва Олий даражадаги учрашув ҳамда музокаралар мамлакатларимиз ҳамкорлигида барча тармоқларни қамраб оладиган янги саҳифа очиши, кўп қиррали Ўзбекистон – Покистон шериклигини ривожлантиришга кучли туртки бериши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва инвесторлар учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрилаётган чоралар эътироф этилди. Солиқни тартибга солиш соҳасини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт шаффофлигини ошириш, ер майдонларини ажратиш тартиб-таомилларини, хорижий инвесторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришдаги ва бошқа соҳалардаги ютуқлар санаб ўтилди.

Охирги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошиб бормоқда. Пандемияга қарамай ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2019 йил даражасида сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, бу Ўзбекистон ва Покистон иқтисодий салоҳияти ва имкониятларини мутлақо акс эттирмаслиги қайд этилди.

Афсуски, ўзаро савдо айланмасида айрим маҳсулотларнинг улуши салмоқлилигича қолмоқда. Мисол учун, Ўзбекистондан Покистонга экспорт қилинган иккита маҳсулот – дуккакли маҳсулотлар ва йигирилган пахта ипи жами экспортнинг деярли 90 фоизини ташкил этмоқда.

Шунингдек, Покистондан импортнинг 80 фоиздан ортиғини картошка, цитрус мевалар ва дори воситалари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини ошириш учун кимё, электротехника, машиносозлик, чарм, ипак саноати каби соҳаларда катта имкониятлар мавжудлиги айтилди.

Бундан ташқари, саноат кооперацияси икки томонлама ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб икки бараварга ошди ва 160 тани ташкил этмоқда.

Ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда кўп йўналишлар мавжуд. Қишлоқ хўжалиги соҳаси, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, автомобилсозлик, фармацевтика саноати, тўқимачилик ва чарм саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш шулар жумласидан.

Форум доирасида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг тақдимотлари бўлиб ўтди. Уларда туризм, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, кимё саноати соҳаларида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари намойиш этилди.

Форум якунлари бўйича инвестиция лойиҳаларини ва савдо битимларини амалга ошириш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди, дея хабар беради ЎзА.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech