Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Протез-ортопедия буюмлари қай тартибда берилади?

2018-2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 июнда қабул қилинган «Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилганди.

Шунга қарамасдан, ногирон, протез буюмларга муҳтожлиги бўлган шахслар ўз вақтида маҳсулот билан таъминланмаяпти. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида тўртта протез буюмлари ишлаб чиқарадиган корхона фаолият юритади, вилоятларда эса шу корхоналарнинг филиаллари ташкил этилган.

«Протез ясаш қонунига кўра, битта жамоа (3 кишидан иборат бўлади) бир ойда 5та протез ясаб бериши лозим. Лекин бизда бундай бўлмайди. Январь, февраль, март, апрель ва май ойларида бўш ўтирамиз. Кейин бирданига 50та, 60та ясашга талон берилади. Битта жамоа бир кунда битта, иккита ясашга мажбур бўлади. Мингга яқин одам бир турдаги протез олишидан қатъи назар, ҳар бири учун алоҳида ясалади ва катта вақтни талаб этади», — дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Қумовул» маҳалласида жойлашган протез ишлаб чиқариш корхонаси ходими Абдуллев Илҳом.

Маълум қилинишича, протез-ортопедия буюмларига буюртма бериш ва муҳтожларни таъминлаш ишлари бир нечта босқичда амалга оширилади. 

«Муҳтожлик тўғрисида маълумотлар йилнинг 5 январига қадар тўпланади. Одатда йилнинг май ойидан бошлаб, протез-ортопедия буюмлари хариди бўйича тендер савдоларига эълон берилади. Муаммо шундаки,тегишли пул маблағлари ҳудудий Молия бошқармалари томонидан май-июнь ойларидан бошлаб молиялаштирилади. Маблағ йўқлиги оқибатида тендер савдоларига кеч эълон берилади. Бюджет маблағларининг кеч ажратилишидан келиб чиқиб, протез-ортопедия буюмларини февраль-март ойларидан бошлаб, қарз ҳисобига тайёрлаб, муҳтожларга етказиш ишлари амалга оширилади», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги бош мутахассиси А.Жалилов.

Протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахсларга қуйидагилар киради:

   — пенсия ёшидаги муҳтож шахслар;
   — 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар;
   — 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар.

Протезга муҳтожлиги бўлган, пенсия ёшидаги шахсларга протез-ортопедия буюмлари Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси ёки Тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосаси асосида берилади. Бунда тиббий хулоса 16 ёшгача бўлган ногиронлиги қайд этилган болаларга ҳамда пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга уларнинг яшаш жойидаги Тиббий-маслаҳат комиссияси томонидан берилса, 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларга яшаш жойидаги Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилади.

Қандай тартибда талон олиш мумкин?

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси томонидан ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга тегишли ҳудудий Тиббий-ижтимоий бўлимлар билан шартнома тузган корхонага тақдим этиш учун тиббий хулосалар асосида протез-ортопедия буюмларини тайёрлаш учун йўлланма-талон расмийлаштирилади. Йўлланма-талон 3 қисимдан яъни «А» , «В» ва «С» қисмлардан иборат.

Ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларга йўлланма-талон асосида протез-ортопедия буюмини олиш муддати корхона билан тузилган шартномадан келиб чиқиб белгиланади. Ушбу тоифадаги муҳтож шахс йўлланма-талон билан корхонага мурожаат қилганда, унга протез-ортопедия буюмини тайёрлаш учун кетадиган вақт ҳисобга олинган ҳолда протез-ортопедия буюмининг тахминий тайёр бўлиш куни ҳақида маълумот берилади. Бунда корхона томонидан протез-ортопедия буюмини тайёрлаш муддати корхона ва ҳудудий Тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими томонидан тузилган шартномада кўрсатилган муддатдан ошмаслиги лозим. Корхона томонидан ҳар бир тайёрланган протез-ортопедия буюми техник паспорти ҳамда фойдаланиш бўйича йўриқномаси билан биргаликда берилиши лозим.

Ногиронлиги бўлган муҳтож шахс, пенсия ёшидаги муҳтож шахс ёки уларнинг қонуний вакиллари тайёрланган протез-ортопедия буюмини бевосита корхонадан қабул қилиб олади.

Шунингдек, «Ортопедия реабилитацияси» МЧЖнинг ҳудудларда филиаллари жойлашган бўлиб, муҳтож шахслар мазкур филиалларга учрашиб буюртма асосида белгиланган тартибда протез-ортопедия буюмлари билан таъминланиши мумкин.

Қанча муддатда алмаштириш мумкин?

Протез буюмлари турига қараб тўрт ойдан икки йилгача берилади. Тузилган шартномада кўрсатилган вақтга қадар буюм носоз чиқса, бепул таъмирлаб берилади ёки бошқасига алмаштирилади. Тиббий хулосага асосан қуйидаги ҳолларда бошқасига алмаштириб берилади:

   — муҳтож ногиронлар, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларнинг жисмоний ривожланиши оқибатида протез-ортопедия буюмлари ўлчамлари уларга тўғри келмай қолса;
   — ногиронлиги бўлган муҳтож инсон, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларда касаллик кечишининг ёмонлашуви оқибатида айнан шу протез-ортопедия буюмларидан фойдаланиш имкони бўлмаса;
   — муҳтож ногиронлар, пенсия ёшидаги муҳтож шахсларда ўтказилган жарроҳлик муолажаларидан сўнг юзага келган анатомик ёки физиологик ўзгаришлар оқибатида протез-ортопедия буюмлари фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганида.

Нега вилоятлардаги филиалга эмас, Тошкентдаги корхоналарга мурожаатлар кўп?

«Протез корхоналарининг жойларда филиаллари ёки бошқа турдаги таркибий тузилмалари фаолият кўрсатади. Ушбу тузилмалар, асосан, жойларда муҳтож фуқароларни, тегишли буюртмаларни қабул қилади, расмийлаштиради, зарур бўлган ўлчовларни олади, яъни протез-ортопедия буюмларини тайёрлаш учун зарур бўлган ўлчовларни белгилаб олади. Бу ўлчовлар асосида протез-ортопедия буюмлари жойлардаги филиалларда ёки Тошкентдаги асосий корхонада тайёрланади. Баъзи ҳолларда муҳтож фуқаролар ўз истаклари билан корхонанинг жойлардаги таркибий бўлимига эмас, балки бевосита Тошкентдаги корхонага мурожаат қилиши мумкин ва бу ҳолат тақиқланган эмас. Шу боис, уларнинг истакларига кўра, протез-ортопедия буюмлари Тошкент шаҳридаги корхонада тайёрлаб берилади» , — дейди А.Жалилов.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 5 ойлиги давомида 2420 нафар муҳтож шахслар давлат томонидан протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминланган бўлиб, йил якунига қадар яна 5000 нафар муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари билан бепул таъминлаш режалаштирилмоқда.

Озода ВАЛИЕВА

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech