Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган фармацевтик лицензиатлар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилди

2021 йилнинг 17 март куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ва мутахассислари Қашқадарё вилоятига сафар уюштириб, у ердаги аҳолидан келиб тушган мурожаатлар бўйича олиб борилган текширувлар натижалари бўйича йиғилиш ўтказдилар.

Унда Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош провизори Шокир Жўраев, Қашқадарё вилоятида фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи реализацияси билан шуғулланувчилар, тиббиёт бирлашмаларида стерил дори-дармон тайёрлайдиган ички дорихона мудирлари, вилоятда ишлаб чиқаришни режалаштираётган инвестицион лойиҳалар ташаббускорлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар реализацияси билан шуғулланувчи дорихоналар вакиллари ҳамда Агентликнинг Қашқадарё вилояти фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси раҳбари Бахтиёр Хазратқулов иштирок этдилар.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлигининг лицензиялаш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора Зуфарова қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтирилишига қарамай, назорат органига  охирги вақтларда жисмоний ва юридик шахслардан маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган айрим дори воситалари сифатига нисбатан эътирозли мурожаатлар келиб тушиши давом этаётгани ҳақида сўз юритиб, 2020 йил 4-чоракда ва 2021 йил 1-чоракда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларга биноан белгиланган тартибда ўтказилган текширувлар ва кўрилган таъсир чоралари тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

“Хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларини ва дорихона мудирларини хушёрликга чорлаб, ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган барча қонун ва қонуности ҳужжатларни синчковлик билван ўрганишлари зарурлигини,  сохага оид меъёрий ҳужжатларга амал қилган холда иш олиб бориш шарт эканлигини таъкидлаб ўтдик”, - дейди Гулнора Зуфарова.

Қашқадарё вилояти фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўлинмаси раҳбари Бахтиёр Хазратқулов йиғилганларга юртимизга  турли контрабанда йўли билан олиб кирилаётган сифатсиз ва қалбаки дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сотилиши қатъий назоратга олинганини айтиб, бу каби қонунбузилишларга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида қонун лойиҳаси тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.

Тадбир сўнгида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахасислари йиғилиш иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech