Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қашқадарёдан фармацевтика соҳасида кенг қўлланилувчи 12 тонна “Гулхайри” экспорт қилинди

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида фаолият юритаётган “BBU – AZAMAT” хусусий корхонаси раҳбари Азамат Чориев янги ташаббусни илгари суриб, гулхайри етиштиришни йўлга қўйди.
 
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ушбу ўсимликнинг қуритилган гули доривор ҳисобланади ва кўплаб дори воситаларини тайёрлаш учун хомашё вазифасини бажаради. Европа мамлакатларининг фармацевтика саноатида бундай хомашёга эҳтиёж катта.
 
Дастлаб корхона тасарруфидаги майдонда гулхайри ўсимлигини етиштириш билан фаолият бошлаган корхона аъзолари эндиликда қамровни янада кенгайтиришни мўлжалламоқда. Бунинг учун ҳудуддаги томорқа ер эгаларини ҳам ҳамкорликка чақирмоқда. Боиси оддий томорқа шароитда уни етиштириш имкони бор.
– Ўсимлик гули кунига икки маротаба – эрталаб ва кечки салқинда териб олиниб, сўнг соя жойда бир неча кун давомида қуритилади, – дейди Азамат Чориев. – Томорқа эгалари ўсимлик қуриб, тайёр ҳолга келгач, бизни чақиради. Хом ашё сифатига қараб, унинг ҳар килосини 60-70 минг сўмдан сотиб олаяпмиз. Бир сотих жойдан ўртача 100 кило доривор хом ашё олиш мумкин. Бу 7 миллион сўм пул дегани. Тўрт, беш сотих жойга гулхайри экиб, йигирма беш, ўттиз миллионлаб даромад олаётган оилалар бор. Табиий шароитда, иссиқ қуёш тафтида етиштирилган доривор гиёҳнинг сифати хорижлик ҳамкорларимизга маъқул келмоқда.
Маълумки, Қашқадарё вилоятида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга сезиларли даражада ошмоқда. Бундай натижага эришишда вилоятда фаолият кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодиётининг фахри бўлган йирик замонавий корхоналарнинг ҳиссаси катта.

Бироқ шуни ҳам эътироф этиш лозимки, сўнгги йилларда кичик корхоналар, фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари ҳам турли хилдаги озиқ-овқат, халқ хўжалиги ва экспортбоп маҳсулотларни етиштириб, аҳоли эҳтиёжини қондириш билан бирга, экспорт ҳажмини оширишда ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Aна шундай корхоналардан бири, “BBU Azamat” хусусий корхонаси томонидан воҳада етиштирилган 12 тонна қуритилган гулхайри ўсимлиги Польшага жўнатилди.

Маълумот учун, Гулхайри қадим замонлардан бери шифобахш ўсимлик сифатида ишлатилиб келинади. Aбу Aли Ибн Сино гулхайри илдизидан, баргидан ва уруғларидан тайёрланган дамлама билан йўтал, қон тупуриш, зотилжам ва буйрак касалликларини даволаган. Буюк табиб гулхайри илдизи асосида тайёрланган дори-дармонларни кўкракни юмшатувчи, балғам кўчирувчи омил сифатида тавсия этган.

Гулхайри гуллари боларилар учун яхши озиқ ҳисобланади. Доривор гулхайрининг илдизини одатда кузда ёки эрта баҳорда кавлаб олиниб, дағал илдизпоя ва майда илдизчалардан ажратилади-да, зудлик билан сув оқимида ювиб олинади (илдиз шиллиқланмаслиги учун). Шундан сўнг очиқ ҳавода қуритилади .

Уй шароитида гулхайри илдизидан қуйидагича дамлама тайёрлаш мумкин: бирорта идишга 2 стакан миқдорда қайнатиб совутилган сув қуйилади ва унинг устига 4 чой қошиқ майдаланган илдиздан солиб, 8 соат давомида қўйиб қўйилади. Сўнгра сузиб олиб, шарбатига кунига 3-4 маҳал ярим стакан миқдорда ичилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech