Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги
Ру O`z Ўз En

Қизиқарли фактлар: Тошкентдаги илк дорихона қачон иш бошлаган?

Шаҳарнинг деярли барча фуқаролари Тошкент марказида жойлашган, ҳозирда пойтахт банкларидан бири жойлашган, пиллапоясида шерлар ҳайкаллари бор қадимий бинони билишади. Айнан шу бинода биринчи шаҳар дорихонаси жойлашган бўлиб, унинг биринчи раҳбари Каплан исмли провизор бўлган.

Гўзал шаҳримиз архивларида сақланиб қолган тарихий ҳужжатлардан билиб олишимиз мумкинки, биринчи дорихона 1874 йил март ойида фаолият юрита бошлаган. Дорихона ихчамгина бўлиб, унда дори-дармонлар тури унча кўп бўлмаган. Унинг дастлабки вазифаси маҳаллий аҳолини тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш эди. Яъни ҳар бир фуқаро ҳар қандай дори-дармонни олиши мумкин бўлган. Таъкидлаш жоиз, ушбу дорихона аҳолининг хайрия маблағлари ҳисобига очилган.

Бироқ пойтахтда яна битта дорихона унгача ҳозирги Миробод бозори ёнида собиқ Госпитальний кўчасида жойлашган ҳарбий касалхонада очилган бўлган. Aммо у ҳарбий касалхона бўлгани туфайли фақат ҳарбийларга хизмат кўрсатган. Табиийки, касалхона шифокорлари имкониятларидан келиб чиқиб маҳаллий аҳолига ҳам ёрдам беришга ҳаракат қилишган.

1876 йилда шаҳар маъмуриятининг буйруғи билан шаҳар аҳолиси учун дори-дармонларни сотишга рухсат берилади. 1878 йилда биринчи дорихона шаҳар мулкига айланди. Aптекачи Каплан айнан шу дорихонани бошқаришни бошлайди.

ХХ-асрнинг бошларида биринчи дорихона таъмирланиб кенгайтирилди. Ўша пайтда у Лагерний кўчаси, сўнг 1899 йилда таниқли рус шоири Александр Пушкин номини олган ва ҳозирда Мустақиллик номини олган кўчада жойлашган.

Ушбу дорихонада сотиладиган дори-дармонларнинг турлари кўпайтирилди. 1907 йил сентябрь ойида дорихонада кимёвий-бактериологик хона очилди. Ушбу хона ходимлари 1908 йилда шаҳарда бошланган вабо эпидемиясига қарши кураш ва уни енгишда катта ҳисса қўшдилар.

Айнан шу кимёвий-бактериологик хона туфайли биронта ҳам касал тўлиқ шифо топмагунча касалхонадан чиқарилмаган. Ходимлар ариқ сувларининг ифлосланиш даражасини ўрганиш бўйича кўплаб ишлар олиб бордилар.

1910 йил январь ойида дорихонанинг илк филиали ҳозирги Шароф Рашидов кўчасида қурилган янги бинода очилди (у бино ҳозирги кунгача етиб келмаган). Ва ўша йилнинг февраль ойида ушбу филиал қошида Туркистон тадқиқотчи олимлар ва шифокорлар жамияти томонидан амбулатория очилди. Бу ерда аҳоли чечакдан бепул эмланган. 1910 йилда ушбу амбулатория кўплаб фуқароларга тиббий маслаҳатлар берган. Бора-бора, бу ерда тиббий ёрдамга муҳтожларга ёрдам кўрсатила бошлаган.

Тошкентда фаолият юрита бошлаган илк дорихоналар ҳақидаги ҳикоямизга якун ясар эканмиз, беморга ёрдам бериш энг эзгу ва олижаноб иш эканлигини билишимиз керак. Шундай экан, бу ишни хушмуомалали ва мулойим одамлар бажарса нур устига аъло нурдир.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech